Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019 йил 16 май куни Power Uzbekistan 2019 кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) томонидан 1-Ўзбекистон халқаро энергетика конференцияси ташкил этилди.
Конференциянинг бош мавзуси Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши лойиҳаси бўлди. Конференцияни очиб берган «Атом энергетикаси – мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш омили» мавзусидаги йиғилишда иштирокчилар атом энергетикасининг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлашдаги ўрнини муҳокама этдилар.
«Ўзбекистонда энергетика ҳар доим илғор технологиялар ва инновациялар соҳаси бўлиб келган, айнан энергетика мамлакат бутун иқтисодиётини ривожлантиришнинг, демак, халқимиз ҳаёти фаровонлигининг ўзагидир. Энергетика вазирлигидек мутлақо янги тизимнинг яратилиши ва унга ёнилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш ҳамда мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш вазифалари юклатилганини алоҳида таъкидлаш лозим», - деди Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари - «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Йиғилишда Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари - «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Локшин, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)нинг режалаштириш ва иқтисодиёт департаменти бошлиғи Инза Эскобар, Бутунжаҳон ядро уюшмаси ҳузуридаги Бутунжаҳон ядро университети директори Патрисия Вийленд, экологик, технологик ва атом назорат бўйича федерал хизмат раҳбари ўринбосари Алексей Ферапонтов, Worley атом энергетикаси компанияси президенти Александр Суперфин сўзга чиқдилар.
«Ўзбекистон мамлакатдаги биринчи АЭС учун «Росатом»нинг илғор технологияси - барча замонавий халқаро хавфсизлик талабларига жавоб берувчи «3+» сўнгги авлодга мансуб ВВЭР-1200 энергоблокларини танлади. Мазкур технологиямиз Бангладеш, Беларусь, Венгрия, Миср, Туркия ва бошқа мамлакатларга ҳам манзур бўлган. Атом энергиясининг вужудга келиши давлатнинг узоқ муддат давомида энергия хавфсизлиги таъминланишига хизмат қилади ва бу, афтидан, бугунги кунда барқарор энергия билан таъминловчи ишончли ва экологик тоза ягона энергия манбаи ҳисобланади», - дея таъкидлади «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Локшин.
Конференция давомида спикерлар атом саноати учун инсон капиталини ривожоантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида кадрлар тайёрлаш “Росатом” давлат корпорацияси, Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг кузида Тошкентда “МИФИ” миллий ядро тадқиқотлар университети филиали очилиши кутилмоқда.
Конференция давомида «Росатом» давлат корпорацияси томонидан ташкил этилган «Россия атом технологияларининг хавфсизлиги ва атом энергиясини ривожлантиришда жамоатчилик томонидан қабул қилинишининг ўрни» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган АЭС лойиҳасининг мақоми ҳақида Венгриядаги «Пакш» ҳамда Нововоронежск АЭСлари мисолида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон жамоатчилигини катта қувватли АЭС каби йирик инфратузилма қурилишининг аҳамиятини таништириб боришда ахборот етказиш ишларининг тутган ўрнига бағишланган алоҳида чиқишлар ҳам ташкил этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги телеграм канали.