Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари (ТТЧИ) 50% дан зиёд ошди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида қайд этилган.
Ўтган йилнинг январь-декабрь ойлари давомида асосий капиталга киритилган инвестициялар 27,6% га ўсди.
Ўсишнинг асосий қисми марказлаштирилмаган инвестицияларга тўғри келиб, улар 32,8% га кўпайди. Бу инвестицияларнинг умумий ҳажмдаги улуши 90% дан ошиб, 3 фоизлик пунктга ўсганини кўрсатди.
Шу билан бирга, йилнинг тўртинчи чораги якунига кўра марказлаштирилган инвестициялар салбий динамикани кўрсатиб, 4,2% га пасайди.
Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳажми 53,6% га ўсиб, 11,9 миллиард АҚШ долларига етди. Улар мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги (ЯИМ) улушини 2,4 фоизлик пунктга ошириб, 10,3% ни ташкил қилди.
Агар январь-сентябрь ойларида ТТЧИнинг ҳар чоракдаги ҳажми тахминан 2,7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг сўнгги чорагида бу кўрсаткич рекорд даражага — 3,87 миллиард долларга етди. Бу 2021 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, 2023 йилнинг охирида қайд этилган олдинги рекордни ($3,41 миллиард) ортда қолдирди.
Бундан ташқари, 2024 йилда халқаро пул ўтказмалари ҳажми 30% га ўсиб, 14,8 миллиард долларга етди. Марказий банк маълумотларига кўра, россия рублининг юқори ўзгарувчанлиги йил охирида халқаро пул ўтказмаларининг секинлашишига таъсир кўрсатган.
Шунингдек, аҳоли томонидан хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқ икки баравар ошиб, 6,7 миллиард долларга етгани қайд этилди.