Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини баҳолаш тизимида энг юқори «AAA» рейтингига эга тадбиркорлар сони 45 баробарга ошган.
Рагбатлантирувчи чора-тадбирлар доирасида «AAA» рейтингига эга тадбиркорларга 1,8 трлн сўм миқдоридаги қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) бир кун ичида текширувларсиз қайтарилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар сони икки баробарга қисқарган.
Шу билан бирга, корхоналарда иш ўринлари сони 2,7 баробарга ошган, ўз вақтида солиқ ҳисоботини топширувчи тадбиркорлар сони эса 53,5 мингга кўпайган. Шунингдек, энг паст «D» рейтингига эга тадбиркорлар сони икки баробарга камайган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 февралдан Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилган бўлиб, унинг мақсади қонунчилик талабларига риоя қилувчи, ҳалол солиқ тўловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантиришдан иборат.