Хусусан, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари кўзда тутилмоқда.
Мустақиллик йилларида темир йўлларни электрлаштириш ишларига катта аҳамият қаратилди. Ўтган даврда Ховос–Бекобод, Ховос–Жиззах, Мароқанд–Қарши линиялари электрлаштирилди. Тошкент–Самарқанд–Бухоро йўналишларида тезюрар электропоездлар қатнай бошлади. Натижада поездлардан фойдаланиш харажатларини 20 фоизга камайтириш, йўловчи ва юк ташиш тезлигини 1,3 баробар ошириш имкони яратилди.
Марказий Осиё минтақасида энг биринчи бўлиб юқори тезликда ҳаракатланувчи Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини боғловчи “Afrosiyob” поездлари қатнови йўлга қўйилди. Темирйўлчиларимиз томонидан кейинги йилларда 1 минг 200 километрдан зиёд янги темир йўл тармоғи барпо этилди, 3 минг 800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Натижада темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 минг 500 километрга етди ва улар мамлакатимизнинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Бухоро – Мискин темир йўл тармоғини қуриш лойиҳаси Ўзбекистондан Қозоғистон ва Россияга юк оқимини ошириш имкониятини беради. Қиймати 283,1 млн. долларга тенг ушбу лойиҳа иккита босқичда амалга оширилади. Дастлаб тепловозли тортишдаги темир йўл таркиблари ҳаракатланиши учун участка қурилиши кўзда тутилган. Сўнгра, узунлиги 396,3 километрга тенг мазкур участка электрлаштирилади.
428 миллион доллар қийматидаги, жумладан, Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган, умумий узунлиги 325 километр бўлган Қарши–Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш лойиҳаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга.Ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши йўловчи ва юк ташиш бўйича транспорт харажатларини 35 фоизга қисқартириш имконини беради. Айни вақтда мазкур йўналишда қатнайдиган, юқори қувватга эга бўлган 11 та замонавий локомотив ҳаракатини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.
Бу йўл Ўзбекистоннинг чет давлатларга, аввало, Трансафғон темир йўл коридори орқали яқин келажакда тўғридан-тўғри Ҳинд океани, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари портларига чиқиш ва экспорт имкониятини, шу билан бирга, республиканинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади. 2007 йилда темир йўл тармоғининг ишга туширилиши натижасида юк ташиш ва йўловчилар қатновини ташкил қилиш, темир йўлларга хизмат кўрсатиш ва йўл хавфсизлигини таъминлаш учун 2,5 мингга яқин қўшимча янги иш ўрни яратилди. Янги ташкил этилган корхоналар ва хизмат шохобчаларида, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида эса қўшимча тарзда 4 мингдан ортиқ киши иш ўринларига эга бўлди. Бундан ташқари минтақанинг табиий ер ости бойликларини ўзлаштириш учун янги имкониятлар пайдо бўлди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти туб бурилишларга юз тутиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Юк ва йўловчи ташиш масофаси 170 километрга, ҳаракат вақти эса 7 соатга қисқарди. Натижада темир йўл бўйлаб ташилаётган транзит ва маҳаллий юклар салмоғи сезиларли миқдорда кўпайди.
Бу йил қурилиши тугалланган 125 километрлик “Ангрен–Поп” электрлаштирилган темир йўлининг узвий давоми сифатида Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш лойиҳасининг амалга оширилиши ҳам Фарғона водийси вилоятларини нафақат республиканинг бошқа ҳудудлари, балки Европани Хитой билан боғлаб, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада оширади. Айни пайтда мамлакатимиз темирйўлчилари 2019 йил охиригача темир йўлларнинг электрлаштириш даражасиниҳозирги 34 фоиздан 51 фоизгача етказишни режалаштиришмоқда.
Халқимизда йўл қадрини юрган билар, деган ҳикматли нақл бор. Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаоли штирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирамиз.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.