Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Париждаги ЮНЕСКО штаб-квартирасига амалга оширилган ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухтаров ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси Вера Лакей билан учрашди.
Ўзбекистон 2027–2030 йиллар даври учун ЮНЕСКО Ижроия кенгашига ўз номзодини илгари суриб, ташкилот мақсадларига содиқлигини ва унинг фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО мақсадларига содиқлиги, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга интилиши ва ташкилот ишида фаол иштирокни давом эттириш нияти таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон номзодини илгари суришга доир тавсиялар ва 2025 йил ноябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган ЮНЕСКОнинг 43-Генераль конференцияси арафасида Ижроия кенгаши муҳокамасига янги ташаббусларни киритиш масалалари муҳокама қилинди.