Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 26/10/2022 Ўзбекистон ёшлар делегацияси Римда бўлиб ўтган Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида иштирок этди
Ўзбекистон ёшлар делегацияси Римда бўлиб ўтган Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида иштирок этди

Ўзбекистон ёшлар делегацияси 17-21 октябрь кунлари Рим шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида ўтказилган Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида иштирок этди. ФАО томонидан "Соғлом овқатланиш. Соғлом Дунё" мавзусида ташкил этилган тадбирда қатнашиш учун Италия пойтахтида дунёнинг турли мамлакатларидан 2000 дан ортиқ вакиллар тўпланди ва бундан ташқари бутун дунёдан ўн минглаб иштирокчилар тадбирга онлайн шаклда қўшилишди. Форум ФАО томонидан йил давомида ўтказилаётган қатор тадбирлар ичида асосий воқелик бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча масалаларни муҳокама қилиш учун яхши платформа бўлди.

Тадбир доирасида Глобал ёшлар форуми, ФАО фан ва инновациялар форуми ва ФАО инвестиция форуми бўлиб ўтди. Бир ҳафта давомида бўлиб ўтган учрашув ёшлар, фермерлар, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, сиёсатчилар, олимлар ва инвесторлар ўртасида глобал озиқ-овқат муаммолари тўғрисида мулоқотни ривожлантиришга ёрдам берди.

ФАО маълумотларига кўра, можаролар, иқлим ўзгариши ва COVID-19 пандемияси глобал озиқ-овқат инқирозининг асосий сабабларидан бири бўлди. ФАО ўзининг “2022 йилда дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати” мавзусидаги сўнгги ҳисоботида ўтган йили дунё бўйлаб 828 миллион киши очарчиликка дучор бўлганини, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 46 миллион кишига кўп эканлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, бутун дунё ёшлари ўткир озиқ-овқат инқирозини ҳал этиш бўйича глобал ҳаракатни яратиш орқали очиб бера олиши мумкин бўлган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. ФАО Бош директори ўринбосари Владимир Рахманин ўзининг табрик нутқида таъкидлаганидек, “Кўпинча ёшлар ўзларининг келажагига таъсир қиладиган қарорларни қабул қилиш жараёнига минимал даражада жалб қилинади ёки ҳатто бу жараёндан чиқариб ташланади. Бугунги етакчилар ёш авлоднинг фикрини ҳисобга олишлари керак. Ёшларнинг энергияси бизнинг озиқ-овқат тизимларимизни ўзгартириш учун жуда муҳимдир ва замонавий ёшлар қарор қабул қилиш жараёнларининг марказида бўлиши керак”.

Тадбир турли мамлакатлардан кўп сонли ёшларни ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозига қарши инновациялар ва технологиялар орқали курашишнинг энг самарали усулларини муҳокама қилиш учун бирлаштирди. Улар орасида Ўзбекистон ёшлар делегацияси аъзолари – ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёшлар билан ишлаш бўйича масъул ходими Наргиза Хўжаева, Тошкент давлат аграр университети докторанти Саиджахон Хасанов ва барқарор ривожланиш соҳасидаги стартап лойиҳалари раҳбари Умматой Йўлдошевалар бор. 

Форум доирасида Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Элчихонаси томонидан “Ёшлар учун муҳим имкониятлар: рақамли воситалар ва қишлоқ хўжалигидаги инновациялар” мавзусида алоҳида тадбир (“Uzbekistan side-event”)

ташкил этилди. Бу ерда Ўзбекистоннинг фаол ёшларига агроиқтисодий тизимлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасидаги ўз фаолияти ҳақида суҳбатлашиш ва тажриба алмашиш имконияти берилди. Тадбир иштирокчиларига ўзбек халқининг бой маданий меросини акс эттирувчи ўзбек ошхонасининг асосий миллий таоми – анъанавий палов тортиқ этилди. Қувонарлиси, тадбир жорий йилда Рим шаҳридаги ФАО бош қароргоҳида очилган Uzbekistan lounge тематик залида бўлиб ўтди.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг ёшлар масалалари бўйича масъул ходими Наргиза Хўжаева Глобал ёшлар форумидаги ўз нутқида таъкидлаганидек, “2030 йилга келиб Ўзбекистонда самарали ва барқарор озиқ-овқат тизимларига эришишнинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ўз аксини топган. Ҳужжат фермер хўжаликлари даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлашга ёрдам берадиган рақобатбардош, экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган. Бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ жойларида яшовчиларнинг аксариятини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу қишлоқ ёшларининг муҳим ролини ва, айниқса, порлоқ келажак учун биргаликда яратишимиз мумкин бўлган имкониятларни яна бир бор таъкидлайди”.

Глобал ёшлар форумидаги сессиялар давомида Ўзбекистон делегацияси қишлоқ хўжалиги соҳасида таълимни эрта ёшдан бошлаб бериш, мактаб ўқувчиларига тўғри ва соғлом овқатланиш асосларини ўргатиш, шунингдек, қишлоқ жойларидаги ёшларнинг қизиқишларни ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар билан чиқди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг