Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги(JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миядзаки билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Мулоқот давомида қайд этилганидек, яқинда Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Ўтган даврда икки томонлама ва кўп қиррали манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, тиббиёт соҳасида ҳам қатор қўшма дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шулардан навбатдагиси Япония Ҳукуматининг “Ривожланишга расмий ёрдам” дастури доирасида JICAнинг молиявий кўмагида амалга оширилиши кўзда тутилган, умумий қиймати 7 млн. АҚШ долларига тенг “Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасига тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш” лойиҳасидир.
У мультиспираль компьютер томографияси, мобиль клиника, С-arm рентген аппарати, универсал хирургик микроскоп, отоларингологлар учун микроскопли иш столи, терапия, реанимация, неонатология, травматология, хирургия каби қатор йўналишларда фаолият кўрсатувчи тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратларини янада оширишда зарур бўладиган симуляцион асбоб ускуналар каби 29 турдаги энг замонавий тиббий технологияларни ўз ичига олади.
Учрашувда мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Япониянинг юртимиздаги элчихонаси ўртасида Алмашинув нотаси, JICA билан Грант битими, шунингдек, Япониянинг “Grown Agents” компанияси билан Ўзбекистонга тиббий техника ва жиҳозларни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга туширишга доир шартнома имзоланди.
Шунингдек, томонлар тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам ўзаро фикр алмашди.