Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 16/02/2021 Ўзбекистон Хитойнинг мош бозорида ўз иштирокини кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Хитойнинг мош бозорида ўз иштирокини кенгайтирмоқда

 

Хитой ўртаҳол аҳолисининг сони (400 миллиондан ортиқ) жадал суръатлар билан ўсиб бораётган ҳамда озиқ-овқат чакана бозорининг ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи энг йирик бозор ҳисобланади. Бугунги кунда Хитойда озиқ-овқат ва ичимликлар истеъмоли 1 триллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади. Бу кўрсаткич эса тобора ўсиб бормоқда.

Хитой бозорида соя, яшил мош, ловия, ясмиқ ва бошқа дуккакли ўсимликлар маҳсулотлари кенг тарқалган бўлиб, уларга талаб ҳам борган сари ортмоқда. Хусусан, мош ҳар бир хитойликнинг овқатланиш  рационига киритилган. Ундан пазандачиликда ҳам турли усулларда қўлланилади. Масалан, мошдан иссиқ таом ва салатлардан ташқари, турли усул ва технологиялар асосида қандолатчиликда, ёгуртлар, сутли ичимликлар ва бошқа неъматларни, ҳар хил озиқ-овқат қўшимчаларини тайёрлашда ҳам кенг фойдаланилади.

Мошнинг фойдали хусусиятлари: мош юқори калорияли маҳсулот ҳисобланади. У барча органларнинг нормал ишлаши учун зарур бўлган деярли барча элементлар ва витаминларни ўз ичига олади. Мош С, В (В1, В2, В4, В5, В6, В9), Е, К, РР витаминларига бой. Унинг таркибида кальций, фосфор, темир, магний, натрий, фтор, цинк, марганец, селен мавжуд. Хитойликлар мош саратон ҳужайралари ўсишини тўхтатади, деб ишонадилар.

Мамлакатнинг ўзида етиштириладиган ҳосилнинг аҳолиси эҳтиёжларини таъминлашга етмаслиги туфайли Хитой бошқа мамлакатлардан мош импорт қилади. Асосий таъминотчилар Мянма, Ўзбекистон, Индонезия, Австралия ва Таиланддир. Мошнинг йиллик истеъмол ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда: агар 2018 йилда ушбу маҳсулот 89 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2019 ва 2020 йилларда бу кўрсаткич 113 минг тонна ва 205 минг тонна ташкил этган эди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буни инобатга олган ҳолда маҳаллий мошни Хитой бозорида фаол тарғиб қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йилда Хитойга ташрифи доирасида савдо-иқтисодий соҳада бир қатор икки томонлама шартномалар имзоланди. Улар орасида 2018 йил Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасининг фаол иштироки билан Ўзбекистон ўсимликлар карантини бўйича Давлат инспекцияси ва Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси ўртасида имзоланган "Ўзбекистондан Хитойга мош экспорт қилиш бўйича фитосанитария талаблари тўғрисида”ги протокол ҳам бор.

Мазкур Протоколнинг имзоланиши Ўзбекистонлик тадбиркорларга Хитойга яшил мош экспортини янада оширишга янги имкониятлар эшикларини очиб берди. Айни пайтда, ўз маҳсулотларини Хитой бозорига етказиб бериш орқали ўзбек фермерлари янги даромад манбаига эга бўлдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинаётган маҳсулотлар санитария-гигиена меъёрларига, фитосанитария қоидаларига ва протоколда назарда тутилган талабларга тўлиқ жавоб бериши керак.

Шу муносабат билан ўтган уч йил мобайнида Элчихона Ўзбекистон Давлат карантин хизматига Хитой Халқ Республикасининг тегишли идораларида экспортчи корхоналар рўйхатини шакллантириш ва мувофиқлаштиришда фаол ёрдам кўрсатди.

Ўзбекистонлик мош етиштирувчилар ҳам зарур саралаш ва тозалаш ускуналарини ҳамда замонавий лабораторияларни ишга туширдилар. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон тадбиркорларининг ишлаб чиқариш базасини техникавий жиҳатдан такомиллаштириш орқали Хитой Халқ Республикасига яшил мош экспортчилари рўйхатини кенгайтириш имконини берди. 2021 йилнинг февраль ойида Хитой маҳаллий бозорига экспорт қилиш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик мош етиштирувчи субъектлар сони 54 тага кўпайди.

Маълумот учун: Хитой мамлакатга импорт қилинадиган барча маҳсулотлар устидан кескин назорат ўрнатган ва барча импортёр/ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотнинг сифатини текшириш юзасидан карантин ҳолати эълон қилинган. Текширув давомида Хитой ҳукумати маҳсулотда ўсимлик зараркунандаларининг мавжудлиги ва уларнинг тарқалиш хавфини олдини олишга жиддий эътибор беради.

Умуман олганда, сўнгги икки йилда амалга оширилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек мош экспортининг ҳажми уч бараварга кўпайиб, 2019 йилдаги 28 минг тоннадан 2020 йилда 75 минг тоннагача оширилди. Шу билан бирга, Хитой импорт қиладиган ушбу маҳсулот умумий ҳажмида Ўзбекистоннинг улуши 26 фоиздан 36,5 фоизга ошди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, элчихона томонидан нафақат мош, балки мамлакатимиз заминида етиштирилган бошқа маҳсулотларнинг ҳам Хитойга экспорти ҳажмларини ошириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

 Шуҳрат Умиров,

“Дунё” АА мухбири

Пекин

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг