Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Иқтисод 30/06/2016 Ўзбекистон – Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичи – ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик
Ўзбекистон – Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичи – ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Илгари хабар қилинганидек, шу йилнинг 22-июнь куни Президент Ислом Каримов мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Хитой Халқ Республикасининг Раиси Си Цзинпин билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида бўлиб, депутатлар ва сенаторлар билан учрашди.

Қуйида давлатимиз раҳбари ҳамда Хитой раҳбарининг мазкур учрашувда сўзлаган нутқлари матни эълон қилинмоқда.

Муҳтарам Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жаноблари!

Қадрли хитойлик дўстлар!

Ҳурматли депутатлар!

Бугун шу муҳташам залда нафақат мамлакатимиз интеллектуал оламининг таниқли намояндалари, айни вақтда, таъбир жоиз бўлса, бутун Ўзбекистоннинг тимсоли, халқимиз барча қатламларининг вакиллари бўлган инсонлар йиғилган. Юртимизда содир бўлаётган улкан ислоҳот ва ўзгаришларга, Ўзбекистоннинг барқарор суръатлар билан ривожланишига, бир сўз билан айтганда, биз эришаётган муҳим ютуқларга муносиб ҳисса қўшаётган, бу жараёнларда депутат ва сенатор бўлишидан аввал ҳам фаол иштирок этган одамлар ўтирибди.

Бугун сиз, азизлар – парламентимизнинг ҳар икки палатаси вакиллари ўз юксак мавқеингиз билан мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларининг ҳаракатга келтирувчи кучи сифатида фаолият кўрсатмоқдасиз. Сизларнинг орангизда мен доимо «азиз фарзандларим» деб ўз меҳрим ва эътиборимни билдирадиган ёш авлодимизнинг ҳам кўплаб вакиллари борлиги мени айниқса хурсанд этади. Ишонаманки, сизлар нафақат ёшларимиз, балки бутун Ўзбекистон халқининг манфаатларини ифода этасиз.

Ҳозирги вақтда юртимизда турли соҳаларда қўлга киритилаётган улкан натижалар сайловларда сизу бизга ишониб, овоз берган одамларнинг, халқимизнинг орзу-ниятлари албатта амалга ошади, деб айтишга тўла асос беради.

Мана, ўзингиз гувоҳсиз, бугунги кунда биз кейинги ўн йил давомида дунёдаги саноқли давлатлар қаторида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши бўйича 8 фоиздан зиёд кўрсаткичга эришмоқдамиз. Бундай юксак марраларга эришиш учун бизнинг ривожланган хорижий давлатлар, жумладан, яқин ҳамкоримиз бўлган, бизнинг дўстимиз Си Цзиньпин раҳбарлик қилаётган Хитой мамлакатининг тажрибасини ўрганиб иш олиб бораётганимиз сизларга яхши маълум. Хитойнинг қандай катта ўсиш суръатлари билан тараққий этаётгани, бир пайтлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 10-12 фоизни ташкил этганидан ҳам сизлар албатта хабардорсиз.

Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: бу залда Ўзбекистонга ким амалда дўсту ким оғизда дўст эканини яхши биладиган одамлар ўтирибди. Бу ҳақда гапиришимнинг боиси шундаки, бизнинг бундай ўсиш суръатларимизга қандайдир ғайирлик билан қарайдиганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Биз фақат бир нарсани, яъни, бутун инсоният каби, дунёнинг энг илғор ва ривожланган давлатлари каби муносиб ҳаёт кечиришни истаймиз. Ҳозирги кунда Хитой шундай юксак ривож топган давлатлардан бири эканини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бугун биз ўз зиммасига катта бир масъулиятни – Хитой Халқ Республикасидек буюк давлатни ислоҳ қилишни изчил давом эттириш вазифасини олган етакчи билан учрашиб турибмиз. Ҳаммамиз яхши биламиз, ислоҳотчи шахсларнинг ҳаёти осон кечмайди. Ислоҳотчи бир ишни бошладими, уни охиригача етказмасдан қўймайди, ўз мақсадига етмагунча ҳеч қачон тиниб-тинчимайди. Бугун жаноб Си Цзиньпин ўзаро суҳбатимиз давомида ўз мамлакати буюк хитой ислоҳотчиси Дэн Сяопин раҳбарлигида ривожланиб, улкан натижаларга эришганидан буён 25-30 йил ўтганини, бугунги ҳаёт талабларини чуқур англаган ҳолда, у ана шундай ўта оғир ва мураккаб вазифани, яъни Хитойни янада тараққий топган давлатга айлантириш масъулиятини ўз зиммасига олганини айтди. Ҳозирги вақтда Хитой мамлакати унинг Раиси раҳнамолигида ана шу тараққиёт йўлини изчил давом эттираётганини барчамиз кўриб турибмиз.

Биз ҳам ўзимиз танлаган, ҳар томонлама чуқур ўйланган ислоҳотлар йўлидан қатъият билан бориб, улкан муваффақиятларга эришмоқдамиз. Лекин, ҳаммамиз яхши тушунамизки, ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга етиб бориш учун бу ҳали етарли эмас. Авваламбор, янада жадал тараққий этишимизга ҳалақит қилаётган, йўлимизда ғов-тўсиқ бўлиб турган айрим масалаларни қайта кўриб чиқишимиз зарур. Бу, албатта, ниҳоятда масъулиятли вазифадир.

Бу ҳақда гапирганда, бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлига қадам қўйган дастлабки йилларда бизга ҳеч ким четдан келиб ёрдам бергани йўқ. Агар 25 йил олдинги тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимиз қандай оғир аҳволга тушиб қолгани яққол аён бўлади. Бизга эски мустабид тузумдан бирёқлама ривожланган, пахта монополияси авж олган, асосан хомашё етказиб беришга мослашган заиф ва ночор иқтисодиёт мерос бўлиб қолган эди. Пахтани ўзимиз етиштирар эдиг-у, лекин унинг нархи амалда қанча эканини билмас эдик. Уни фақат хомашё сифатида билардик, холос. Қайта ишланган пахта собиқ Марказга кетар, уни четга сотиш билан ҳам фақат Марказ шуғулланар эди.

Тасаввур қиласизми, мен ўша пайтда республика молия вазири бўла туриб олтин қазиб олиш бўйича СССРда иккинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда олтиннинг баҳоси қанча эканини аниқ билмас эдим. Юртимиз заминидан катта ҳажмда қазиб олинган турли нодир металлар, уран ва бошқа стратегик товарлар ҳақида ҳам бизда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Мухтасар айтганда, собиқ тузум даврида Ўзбекистон ярим мустамлака даражасидаги республика эди. Энг ёмони, ўша пайтда юртимизнинг ўзида биронта ҳам мустақил бошқарув, режалаштириш идораси йўқ эди. Биз ҳатто солиқни қандай йиғиш, давлат хазинасини қандай тўлдириш, одамларни қандай боқиш кераклигини ҳам билмас эдик. Мустақиллик арафасида 20 миллиондан ортиқ аҳолимизни боқиш учун юртимизда бор-йўғи 15 кунга етадиган ун ва буғдой захираси қолган эди, холос. Буларнинг барчаси Ўзбекистон қандай оғир аҳволда, деярли жар ёқасига келиб қолганини кўрсатади.

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Ана шундай ўта қалтис бир вазиятда бизга ким ёрдам берди? Ўзбек халқи дўст кулфатда билинишини ҳеч қачон унутмайди. Хитой халқида ҳам, ўзбек халқида ҳам дўст кулфатда, яъни оғир вақтда ёрдам қўлини чўзиши ҳақида мақоллар бор. Тилда бир гапни айтиб, дилида бошқа нарсани ўйлайдиган, амалда эса мутлақо бошқа ишни қиладиганларни албатта дўст деб бўлмайди.

Биз аҳолиси 1 миллиард 300 миллион кишини ташкил этадиган Хитойдек улкан мамлакатнинг стратегик шериги бўлиш масъулиятини яхши англаймиз. Беқиёс салоҳиятга эга бу мамлакат бир авлод ҳаёти давомида, тасаввур қилинг, иқтисодий ўсиш бўйича жаҳон миқёсида иккинчи ўринда турадиган давлатга айланди. Глобал тараққиёт локомотиви сифатида кўплаб муҳим сиёсий ва иқтисодий масалаларни ҳал этишда фақат иштирок этадиган давлатга эмас, айни пайтда, бу масалаларни ўзи мустақил ҳал эта оладиган қудратли мамлакатга айланди. Бундай давлатнинг стратегик ҳамкори бўлиш биз учун катта шараф.

Сизларга яхши маълум, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ватанимизга бу сафарги ташрифини тўғри пойтахтимиз Тошкент шаҳрига келишдан эмас, балки қадимий шаҳарларимиздан бўлган Бухоро билан танишишдан бошлашга қарор қилди.

Шуни айтиш керакки, юксак мартабали меҳмонимиз Бухорога келиб, Аркни зиёрат қилди ва унинг деворларидан юқорига кўтарилиб, бутун шаҳарни томоша қилди. Бу – мамлакатимизнинг бой тарихига, неча минг йиллик тараққиёт ва маданиятни ўзида мужассам этиб келаётган юртимиз заминига чуқур ҳурмат ифодасидир.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Хитойнинг Сиань шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Келгусида Бухоро билан Хитой Халқ Республикасининг яна бир шаҳри биродарлашувига ишонаман.

Бугун Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорлигимиз истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилаб берадиган кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Уларнинг орасида Хитой томонидан Ўзбекистонга кредит сифатида 2,7 миллиард доллар ажратилиши ва умумий қиймати 6,2 миллиард долларлик объектлар қурилишини назарда тутадиган ҳужжатлар борлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ана шундай муҳим келишувлар учун ўз номимдан, сизларнинг номингиздан Хитой Халқ Республикаси Раисига миннатдорлик билдираман.

Мен Си Цзиньпин жанобларининг «Биз Ўзбекистон Президенти билан бир-биримизни яхши тушунамиз» деган сўзларини такрорламоқчиман ва бундай юксак эътирофни ўзим учун катта шараф деб қабул қиламан. Бизнинг ҳар биримиз, айниқса, халқнинг ишончли вакиллари бўлган сиз, ҳурматли депутатлар Хитой билан ҳамкорликни қадрлашимиз ва бу ҳамкорлик юксак самара бериши учун янги йўлларни излаб топишимиз лозим.

Сўзимнинг якунида бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Хитой халқининг фаровонлиги – бу Ўзбекистон халқининг фаровонлиги. Ўзбекистон халқининг фаровонлиги – бу Хитой халқининг фаровонлигидир.

Эътиборингиз учун ташаккур.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқи

Муҳтарам Президент Ислом Каримов!

Ҳурматли депутатлар, хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида бўлиб ўтган расмий музокаралар чоғида биз Президент Ислом Каримов билан Хитой ва Ўзбекистоннинг сиёсий жиҳатдан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий, суверенитет ва хавфсизлик масалалари бўйича энг муҳим манфаатларимизни биргаликда илгари суриш юзасидан келишиб олдик.

Биз давлатларимиз томонидан танлаб олинган ривожланиш йўлини ўзаро қатъий қўллаб-қувватлаймиз, сиёсий барқарорлик ва давлат ҳокимияти хавфсизлигини ҳамкорликда таъминлаймиз. Тараққиёт йўлидаги амалий ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш, ривожланиш стратегиясини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқалар имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватлари, инфраструктура, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳамкорликни янада жонлантириш ишларини амалга оширамиз. Шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмунан тўлдириш мақсадида ҳамкорлик доирасидаги устувор лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашни янада оширишга, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга, хавфсизлик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда халқаро майдондаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтиришга аҳамият қаратамиз.

Хитойда “Дўстинг қанча кўп бўлса, йўлинг шунча кенг бўлади”, деган мақол бор. Олий Мажлис аҳоли турли қатламларининг энг нуфузли вакилларини ўзида мужассам этади, сиз эса, ҳурматли депутатлар – Хитой халқининг дўстларисиз. Ўйлайманки, сиз келажакни кўра билган ҳолда, Хитой – Ўзбекистон алоқаларини янада равнақ топтиришга, ҳамкорлигимизни қўллаб-қувватлаш ва дўстлигимизни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшасиз.

Хонимлар ва жаноблар, азиз дўстлар!

Ўзбекистонга ташрифим кун тартибидан яна бир муҳим тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида иштирок этиш ҳам ўрин олган. Жорий йилда ташкилотимиз тузилганига 15 йил тўлади. Ўтган йиллар давомида ШҲТ “Шанхай руҳи”ни, яъни, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенг ҳуқуқлилик, маслаҳатлашувлар, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва ҳамкорликда тараққиётга интилиш тамойилларини ривожлантира бориб, халқаро муносабатларнинг очиқлик, ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш ва умумий ютуқларга эришиш принциплари асосидаги янги намунасини фаол илгари сурган ҳолда минтақа барқарорлиги ва фаровонлигига муҳим ҳисса қўшди. Ташкилот такомиллашгани сари кенгайиб бормоқда ва бугунги кунда ШҲТ оиласида Марказий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган 18 та давлат мавжуд. Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти тобора кўпроқ намоён бўлмоқда. Унинг халқаро майдондаги мақоми ва таъсири тобора ошмоқда.

Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган мамлакат сифатида Ташкилот доирасида йўлга қўйилган кўп қиррали ҳамкорликда амалий натижаларга эришишда улкан ҳисса қўшди. Бунинг учун Президент Ислом Каримовга, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига самимий миннатдорлик билдирмоқчиман. Хитой томони ўзбекистонлик ҳамкорлар ҳамда Ташкилотга аъзо бошқа давлатлар билан Тошкент саммитини янги старт нуқтаси сифатида қабул қилиб, минтақа мамлакатлари ва халқлари равнақи йўлида ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик даражасини ҳар томонлама юксалтиришга тайёрдир.

Ўзбек халқининг буюк шоири Алишер Навоий ўз шеърида айтганидек, “мен халқим бахтли ва фаровон яшашини истайман”. Бу эзгу истакни бизнинг умумий мақсадимиз ва абадий орзу-ниятимиз деб ҳисоблайман. Шунингдек, Хитой ва хитой халқи Ўзбекистон ҳамда дунёдаги бошқа барча мамлакатлар халқлари билан биргаликда инсоният тинчлиги ва тараққиётига хизмат қилишдек олий мақсад йўлида доимо қўлни-қўлга бериб ҳаракат қилишга тайёр эканини билдирмоқчиман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг