28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, UNESCO масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов UNESCO Бош директори Одри Азуле билан бирга Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни (ХАУФК)ни нишонлашга бағишланган юқори даражали онлайн-муҳокамада иштирок этди.
Тадбир 28-29 сентябрь кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро архивлар кенгаши, БМТ Тараққиёт дастури, “Twitter” ижтимоий тармоғи, “Очиқ ҳукумат” ҳамкорлиги ташаббуси, “Transparency International” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси каби етакчи ташкилот ва тузилмаларнинг раҳбарияти иштирокида ўтказилмоқда.
Ўзбекистон — бу каби нуфузли форумга таклиф қилинган ягона мамлакат бўлди. Тадбир тўғридан-тўғри эфирда ташкилотнинг расмий веб-сайти ҳамда унинг барча йирик ижтимоий платформалардаги каналларида кенг ёритилди.
Ушбу сана 2019 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 28 сентябрни Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни деб эълон қилишига доир резолюцияси қабул қилинганидан кейин биринчи марта глобал даражада нишонланмоқда. Бунга қадар у 2015 йида мазкур байрамни таъсис этган UNESCO доирасида нишонланган.
Ахборотнинг “COVID-19” пандемиясига қарши курашишдаги муҳим ролини инобатга олиб, тадбир мавзуси сифатида “Ахборот олиш – ҳаётларни қутқариб, ишончни мустаҳкамлаб, умид бағишлаб” танланган. Маърузачилар пандемия шароитида жамиятни ахборот билан таъминлашнинг турли жиҳатларини халқаро тузилмалар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек хусусий сектор нуқтаи назаридан ёритишди.
Юқори даражали онлайн-муҳокама давомида Ўзбекистон Ҳукуматининг UNESCO билан ҳамкорликдаги ХАУФК бўйича халқаро анжуманини 2021 йилнинг кузида Тошкент шаҳрида ўтказиш истаги билдирилди.
Ушбу тадбирни республикамизда ташкил қилишга доир келишувга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарлари Комил Алламжанов ва Саида Мирзиёева (ҳозирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди)нинг UNESCO бош директори Одри Азуле билан 2020 йилнинг 9 январида Париж шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви давомида эришилган.
Ўзбекистон томони кейинги йилга режалаштирилган бу анжуман давлатларда юз бериши мумкин бўлган ахборий инқирозлар ва муаммоларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш йўлида UNESCO ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига урғу берди.
Тадбир доирасида шунингдек профессионал журналистика ва ишончли ахборот олиш тизимини яхшилаш, чақириқларга самарали реакция билдириш борасида энг яхши тажриба билан алмашиш ва илғор технологиялар ҳамда рақамли платформалар қамровини кенгайтириш каби долзарб масалаларнинг муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
UNESCO Бош котиби Одри Азуле ва тадбирнинг бошқа иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига келгуси йилда бу қадар муҳим тадбирни ўтказишга тайёр эканлиги учун самимий миннатдорчилик билдиришди.