2022 йил 26-27 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ Вице-президенти Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурганди. Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси йиғилишида давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, Жаҳон миллий парламентлари аёл спикерларининг 14-саммитини жорий йилда Ўзбекистонда Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда ўтказиш масаласи йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди. Мазкур саммитнинг Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёда илк бор ўтказилиши жаҳон ҳамжамияти томонидан мамлакатимизнинг парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижалари, гендер сиёсатда эришган самаралари, жамиятни демократлаштириш йўлидаги шиддатли ислоҳотлар туфайли қўлга киритган ютуқларининг эътирофидир.
Миллий парламентлар аёл спикерларининг 14-саммити фикр ва тажриба алмашиш, шунингдек, етакчи аёллар ўртасида алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай мулоқот майдони ҳисобланади. Аввалги саммит 2021 йил сентябрь ойида Вена шаҳрида бўлиб ўтган ва коронавирус пандемиясининг оқибатларини бартараф этиш масалаларига бағишланган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислик қилаётгани ҳисобга олинса, навбатдаги аёл спикерлар саммитини ўтказиш учун Ўзбекистон танлангани ҳар томонлама мантиқий ва асослидир.
Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси йиғилишида жорий йилда Индонезиянинг Нуса-Дуа-Бали шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро Иттифоқнинг 144-Ассамблеясига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Бўлажак анжуман бутун дунёда демократияни таъминлаш, парламентлараро мулоқотни илгари суриш нуқтаи назаридан улкан аҳамият касб этишига ишонч билдирилди.
Парламентлараро Иттифоқнинг 144-Ассамблеясида, жумладан, иқлим ўзгаришларига нисбатан халқаро даражадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш, бунда дунё мамлакатлари парламентларининг ролини ошириш истиқболлари муҳокама этилиши кутилмоқда. Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаганидек, Парламентлараро Иттифоқ жаҳон жамоатчилигининг иқлим ўзгаришлари бўйича хабардорлигини янада ошириш ва турли сиёсий партиялар вакилларидан ташкил топган парламентлар аъзоларининг ушбу муаммога ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларини рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Экология муаммолари сарҳад билмайди ва шунинг учун иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ масалаларни ҳар қайси давлат ўз ҳолича ҳал этишга интилиши кутилгандек самара бермаслиги табиий. Шу маънода, бутун дунё давлатлари ва барча халқаро ташкилотлар иштирокида иқлим ўзгаришларига қарши курашиш учун ягона халқаро коалиция тузиш зарурати долзарб бўлиб турибди.
Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси йиғилишида Парламентлараро Иттифоқнинг БМТдаги сиёсий лойиҳаси кўриб чиқилди. Парламентлараро Иттифоқ билан БМТ ўртасидаги тарихий ҳамкорлик алоқалари бундан 20 йил олдин йўлга қўйилган. Ўтган даврда ҳар икки нуфузли халқаро ташкилот ўз вазифаларини астойдил бажариш, бошқа халқаро ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, умумий мақсадларга якдиллик билан интилиш борасида ҳамиша ҳамкор ва ҳамфикр бўлиб келмоқда.
Иккала халқаро ташкилотнинг ҳам мақсад-вазифалари кўп жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир. Уларда ўзаро технология ва тажриба алмашишнинг кўплаб имкониятлари мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Парламентлараро Иттифоқнинг БМТдаги сиёсий лойиҳаси иккала халқаро ташкилот ўзаро муносабтларининг истиқболдаги муҳим йўналишларини белгилаб олишда қўл келади.
Ижроия қўмита йиғилишида Парламентлараро Иттифоқнинг Шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқлик масалалари бўйича ишчи гуруҳи ҳисоботи ҳам тингланди. Мазкур Ишчи гуруҳ Парламентлараро Иттифоқнинг транспарентлик, ҳисобдорлик ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари юзасидан ўтказган мустақил тадқиқоти натижасида тузилган.
Шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқлик масалалари бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботи қўллаб-қувватланди. Ушбу тузилма ва унинг ҳисоботи Парламентлараро Иттифоқнинг фаолияти учун манфаат келтириши ҳамда мазкур халқаро ташкилот ўз ишида шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқликни мустаҳкамлаши, бу тамойилларга янада қатъий амал қилишга кўмаклашиши қайд этилди.
Бундан ташқари, йиғилишда Парламентлараро Иттифоқнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Коммуникация стратегияси лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур Стратегия Парламентлараро Иттифоққа жорий беш йил давомида коммуникация соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш орқали ўзининг стратегик мақсадларига эришиши учун ёрдам беради.
Ижроия қўмитанинг Дубайдаги йиғилишида, шунингдек, Парламентлараро Иттифоқ томонидан яқин келажакда ўтказиладиган асосий тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди. Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.