26 февраль куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси бошланди. Сессиянинг Олий даражадаги сегментида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
Ўзбекистон вакили мамлакатимизда қонун устуворлиги, демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталди. Ўтган йил апрелида умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Янги Ўзбекистоннинг туб моҳиятини тавсифловчи “бешта устун” белгиланди. Бу ўринда давлатимизнинг қатъий ва собит тараққиёт йўли ва келажагини ўзида акс эттирган “суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” мақоми ҳақида сўз бормоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямиздаги инсон ҳуқуқларига оид қоидалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келади. Конституцияда ўлим жазосини қўллаш расман тақиқланган.
Эътиборлиси, Конституциямизда биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам халқаро, ҳам миллий органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. “Миранда қоидалари” ва “Хабеас корпус” каби халқаро миқёсда тан олинган юридик институтлар конституциявий мустаҳкамланди. Шунингдек, бепул юридик ёрдам кўрсатишни назарда тутадиган “Pro bono” институти ҳам конституциявий мақомга эга бўлди.
Янги Конституцияда биринчи марта фуқароларнинг конституциявий шикоятлари институти мустаҳкамланди. Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини фаол бажариб, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда, суд-ҳуқуқ базасини ислоҳ қилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришнинг қисқа муддатли стратегияси ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди. Мамлакатимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизга кўра, эндиликда нафақат болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш кафолатланди, балки бундай ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ҳам жорий этилди. Мамлакатимизда аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун қабул қилинган.
Ўзбекистон миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштиришнинг изчил тарафдоридир. Бинобарин, юртимизда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер муаммоси, инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича комплекс экспертизадан ўтказиш қатъий йўлга қўйилган.
Шу маънода, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси амалга оширилмоқда. Охирги уч йилда бу борада бир қатор муҳим марраларга эришдик.
Биринчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва БМТ шартнома органларининг тавсияларига мувофиқ, Болалар омбудсмани лавозими таъсис этилди. Парламентимизда айни пайтда “Болалар омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш жараёни бормоқда.
Иккинчидан, Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий ва маъмурий чоралар кўрилди. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тегишли фуқаролик жамияти институтларининг кенг иштирокида тайёрланган дастлабки ҳисоботимизни тақдим этдик.
Учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида миллий парламент 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлади. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда.
Тўртинчидан, Ўзбекистон қийноқ қўлланилишини очиқдан-очиқ қоралайди. Президент қийноқларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини, шунингдек, қийноқ қўллаганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини мунтазам таъкидлаб келади. Қийноқлар ва зўравонликнинг бошқа турлари Конституция ва қонунларимиз даражасида тақиқланган. Фуқаролик кодексига қийноқлар қурбонларига етказилган зарарни қоплаш тартибини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди, бу эса қийноқлар қурбонларига ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Бешинчидан, БМТ шартнома органлари тавсияларига мувофиқ, “Омбудсман плюс” модели асосида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий профилактика механизми яратилди. Шунингдек, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакилга жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини назорат қилиш ваколатлари берилди.
Олтинчидан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий таълим дастури амалга оширилмоқда. Касб-ҳунар таълими тизими ва олий ўқув юртларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Болалар ҳуқуқлари” бўйича тренинглар ва махсус курслар жорий этилмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари очилмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш учун электрон платформа ишга туширилди. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноқларга қарши кураш бўйича доимий ўқув курслари мавжуд.
Еттинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича бизнес сектори билан ҳамкорлик қилиш ҳам муҳим, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, тадбиркорлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Ҳозирда “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” миллий ҳаракат режаси ишлаб чиқилмоқда.
Саккизинчидан, мамлакатимизда сиёсат, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқ соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг диний эркинлик соҳасида ҳам роли ортиб бормоқда. Ўзбекистон турли конфессиялар ва этник жамоалар асрлар давомида аҳил-иноқ яшашининг тарихий тажрибасини эътироф этиб, ўз чегараларида диний эркинликни таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.
Тўққизинчидан, Сайлов кодексига Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловни аралаш сайлов тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди. Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар орасида 30 фоиздан 40 фоизгача номзодларнинг умумий сонида аёлларнинг минимал улушини оширишга қаратилган ўзгаришлар киритилмоқда.
Ўнинчидан, Орол фожиаси билан курашиш давом этаётган мураккаб шароитда Марказий Осиё минтақаси дунёнинг иқлим ўзгариши таъсири доирасидаги энг заиф ҳудудларидан бирига айланиб бормоқда. Ўзбекистон глобал муаммо бўлиб қолаётган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ва ЕХҲТ/ДИИҲБ билан ҳамкорликда жорий йил июнь ойида иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқларига бағишланган IV Самарқанд форумини ўтказади. Шу муносбат билан А.Саидов ўз сўзининг якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 55-сессияси
иштирокчиларини ушбу форумга таклиф этди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси Олий даражадаги сегменти ўз ишини 28 февралгача давом эттиради.