Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ЮНЕСКОнинг штаб-квартирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова ҳамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камола Мухтарова ЮНЕСКОнинг гендер тенглиги масалалари бўйича директори Бегония Ласагабастер билан учрашув ўтказди.
Учрашувда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маданият, таълим ва ижтимоий ташаббуслардаги ролини оширишга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида аёлларни маданият, санъат ва рақамли технологиялар соҳасида қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни тақдим этди. Мазкур ташаббуслар доирасида ижодий саноатларда аёллар лидерлигини ривожлантириш, рақамли муҳитда уларнинг иштироки кенгайтирилишини таъминлаш ҳамда маданият соҳасида касбий ўсиш учун шарт-шароит яратишга оид лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ЮНЕСКО билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳамда 2025 йилда Самарқандда ўтказиладиган ЮНЕСКОнинг 43-Генераль конференцияси доирасида ташкилот мандатига кирувчи соҳалар бўйича махсус тадбир ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.