Ўзбекистон ва Япония: IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Такаши Хаторини қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, ёшларни юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш ҳамда масофавий хизматлар кўрсатиш (BPO) йўналишидаги имкониятларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда вазир Ш. Шерматов Япония технологиялари ва тажрибасининг Ўзбекистонда IT экотизимини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.
Вазир мамлакатимизда IT хизматлари экспортини ошириш, халқаро компаниялар учун қулай шароитлар яратиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Шу жумладан, Ўзбекистонда ёшларни замонавий касбларга, хусусан, дастурлаш, сунъий интеллект ва бошқа соҳаларга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.
Томонлар BPO йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар. Япониянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистон ёшларини масофавий хизматлар кўрсатиш тизимига жалб қилиш орқали уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш мумкинлиги қайд этилди. Ушбу йўналишда IT Park инфратузилмасидан самарали фойдаланиш, япон тилини ўргатиш дастурларини кенгайтириш ва Япония компаниялари билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Элчи Такаши Хатори Япония Ўзбекистон билан технологик ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб, мамлакатлар ўртасида IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, Япония компанияларининг Ўзбекистонда IT хизматларини кенгайтиришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар келгусида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.