Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 07/06/2024 Ўзбекистон ва Туркия Президентлари икки мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказдилар
Ўзбекистон ва Туркия Президентлари икки мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – 6 июнь куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томонидан тадбирда "Global Textile", "ProCab", "Agromir Group", "ERIELL Group", "Akfa Holding", "Murad Buildings", "SAG", "BMB Holding", "Uzbekistan Hydrogen" компаниялари иштирок этди.
Туркия томонидан "Çalık", "Cengiz", "Acibadem", "Eczacıbaşı", "Anadolu Group", "Aksa Energy", "Zorlu", "Kalyon", "Onur Group" каби холдинг компаниялари қатнашди.
Тадбиркорлар билан бундай форматдаги мулоқот илк бор ўтказилмоқда. Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Ишбилармонлар кенгашининг тузилиши икки томонлама муносабатлар ривожи янги босқичга кўтарилганининг рамзи эканини таъкидладилар.
Юзага келадиган барча масалаларни тезкор ҳал этиш ва келгусидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суриш мақсадида кенгаш йиғилишларини мунтазам ўтказиб туриш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик изчил суръатда ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Сўнгги беш йилда турк сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга ошди ва 2 мингтага етди, инвестициялар ҳажми икки баробарга ортди.
Куни кеча ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик тадбирлари натижасида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, заргарлик, тўқимачилик ва чарм саноати соҳаларида кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Президентимиз энергетика, қурилиш, кончилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида "Cengiz Energy", "Aksa Energy", "Çalık Holding", "Eczacıbaşı" ва "Anadolu" каби турк компанияларининг муваффақиятли фаолиятини кўрсатиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб, энг аввало, инвестициявий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтиришни таклиф этди.
Ўзбекистон-Туркия саноат кластерини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Ушбу саноат зонаси икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликнинг локомотивига айланади.
Ўзбекистон Президенти давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Шу асосда 3 миллиард долларлик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Кенгаш учрашувида кончилик саноатида ҳамкорлик қилиш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Туркиянинг йирик кон-геология компаниялари билан фойдали қазилмаларни ўрганиш ва қазиб олиш бўйича амалий ишлар бошланган.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, ўз навбатида, Туркия Ўзбекистон билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.
У икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Туркия етакчиси кенгаш иштирокчиларини савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида конструктив мулоқотга чақирди.
Фикр алмашиш давомида турк ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда олиб борилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар натижасида пайдо бўлган имкониятларни юқори баҳоладилар, бу ислоҳотлар Туркия бизнесининг узоқ муддатли режаларини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратаётганини таъкидладилар.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари томонидан устувор соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган аниқ таклифлар билдирилди.
Давлат раҳбарлари тадбиркорларни биргаликда ишлашга тайёрлиги учун самимий миннатдорлик билдириб, масъул раҳбарларга ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар бердилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг