Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Туркия билан расмий дипломатик алоқалари ўрнатилганлигига 29 йил тўлди. Шу муносабат билан ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўртасидаги биродарлик ва қардошлик руҳидаги ҳамда ўзаро иқтисодий манфаатлар устуворлиги асосида шаклланаётган алоқалар тизимидаги ўзгаришларни сарҳисоб этсак, бу муносабатлар янги шакл ва мазмун касб этиб бораётганлигига гувоҳ бўламиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Тошкент ва Анқара муносабатлар тизимининг бундай ҳарактерига мустаҳкам тамал тоши Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган дастлабки даврдаёқ қўйилган эди. Туркия дунёдаги БМТ ташкилотига аъзо бўлган 200га яқин мамлакатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олиб, унинг дунё сиёсий харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиш жараёнини бошлаб берган мамлакат мақомига эга бўлди.
Шу билан бир қаторда, Туркия мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўлини ва сўнгги вақтларда замонавий ташқи сиёсий стратегияси доирасида халқаро майдонда ташлаётган дадил амалий қадамларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва хайрихохлик билдиради.
Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик ривожига асосий туртки бераётган муҳим омил сифатида икки мамлакат етакчилари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотларни эътироф этиш лозим. Туркия Президенти 2016 йилдан бери мамлакатимизга икки марта ташриф буюргани, шу тарихан қисқа давр мобайнида давлатимиз раҳбарининг ҳам Туркияга икки бора ташрифи бўлиб ўтгани ва ушбу учрашувларнинг сермазмун якунлари бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин.
Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳеч иккиланмасдан таъкидлаш мумкинки, айнан Шавкат Миромонович Мирзиёев ва Режеп Тайип Эрдўғаннинг сиёсий иродаси, қатъияти ҳамда улар ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очилишига имкон яратиб берди.
Натижада алоқалар истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида муҳим келишувларга эришилиб, ушбу битимлар бўйича дадил амалий ҳаракатлар бошланди. Жумладан, икки давлат муносабатлари тизимида янги мулоқот формати – олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилди. Ушбу кенгашнинг биринчи йиғилиши икки давлат раҳбарлари ҳамраислигида 2020 йил 19 февраль куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда эришилган келишувлар икки мамлакат алоқалар тарихи яна бир муҳим ҳодиса билан бойиши учун замин ҳозирлади – жорий йилнинг
7 март куни Самарқанд шаҳрида Туркия бош консуллиги ўз фаолиятини бошлади. Натижада Туркия Самарқанд шаҳрида консуллик идорасини ташкил этган Қозоғистондан кейинги иккинчи мамлакатга айланди. Ушбу ҳодиса ҳақли равишда турк томонидан Тошкент ва Анқара ўртасида боқий дўстликнинг яна бир рамзи бўлиши эътироф этилди.
Сиёсий мулоқотларнинг бундай тарзда фаоллашуви бевосита икки давлат муносабатларининг иқтисодий таркиби кенгайиб боришига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат икки томонлама савдо кўламининг ўсиш динамикасида яққол кўзга ташланади. Жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2020 йил якунларига кўра 2016 йилга нисбатан икки баробар ўсди ва 2 миллиард АҚШ долларидан ошди. Яқин истиқболдаги режада эса бу кўрсаткичларни 5 миллиард АҚШ долларига кўтариш белгиланган. Бунинг натижасида Туркия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шериги мақомини мустаҳкамлаши мумкин.
Шусиз ҳам ҳозирги кунда Туркия савдо ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи ҳамкори саналади. Қолаверса, сўнгги тўрт йил ичида турк сармоядорлари иштирокида Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар сони 1,5 мингтадан ошди. Бунинг натижасида мамлакатимиздаги турк капитали иштирокидаги корхоналар сони хорижий капитал иштирокидаги фаолият юритаётган корхоналар умумий сонининг 12% фоизини ташкил этмоқда. Шунинг ўзи фикримиз тасдиғи учун яна бир мисол бўлади.
Бундан ташқари, иқтисодий алоқаларнинг ривожи икки мамлакат учун стратегик ҳисобланган туризм соҳасида ҳам кўзга ташланмоқда. Агар Туркия бу йўналиш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторига кирса, Ўзбекистон ҳақли равишда улкан салоҳиятга эга ва шиддат билан ривожланаётган сайёҳлик хизматлари бозори саналади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Туркияга йилига ўртача
40 миллиондан ортиқ сайёҳлар ташриф буюриб, бу соҳадаги мамлакатнинг йиллик даромади 30 миллиард АҚШ долларидан ошади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бир қатор турк экспертларининг мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадларида масъул лавозимларда иш фаолиятига жалб қилинишлари асло тасодифий ҳодиса эмас.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизни зиёрат қилиш мақсадида ташриф буюраётган мусулмон ўлкалари сайёҳларининг катта қисми ҳам Туркия фуқароларига тўғри келмоқда. Ҳусусан, 2019-2020 йил якунларига кўра юртимизга келган турк сайёҳларининг умумий сони 85 минг кишига яқинлашди.
Шуларни инобатга олган ҳолда, яқин истиқболда ўзбек-турк алоқалари янада ривож топиши мумкинлиги ҳақида таъкидлаш учун барча асосларга эгамиз. Бунга яна қуйидаги омиллар қўшимча замин ҳозирламоқда.
Биринчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик
ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки мамлакат аҳолисининг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Бу эса муносабатларнинг чуқур тарихий ва маданий илдизларга эга эканлигини кўрсатиб, мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Қолаверса, маданий ва тарихий жиҳатдан бу икки мамлакат туркий ҳалқлар тамаддуни ривожида марказий ўрин тутишган.
Шунинг учун ҳам бўлса керак, 2019 йили Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши барча иштирокчи давлатлар томонидан юқори баҳоланди ва кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Ўз навбатида, бу ҳодиса нафақат туркий оламда биродарлик руҳининг мустаҳкамланишига, балки Анқара ва Тошкент ўртасида янги мунтазам ҳамкорлик формати пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлди.
Иккинчидан, Президент Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, халқ фаровонлигини ва ҳаёт даражасини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар дастурини жадаллик билан олиб бормоқда. Мазкур сиёсатнинг муваффақияти қисман бўлсада мамлакатимизнинг ташқи ҳамкорлари билан самарали алоқаларни янги сифат босқичига олиб чиқишимизга боғлиқ.
Шу сабабли ушбу ички инқилобий ўзгаришларга янги фаол, прагматик ва конструктив руҳдаги ташқи сиёсат ҳамроҳлик қилмоқда. Шу ўринда, Туркиянинг ривожланган саноати, қишлоқ хўжалигида эришган ютуқлари, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси ва турк сармоядорларининг Ўзбекистон бозорига бўлган табиий қизиқишларининг ортиб бораётганлиги мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Учинчидан, Ўзбекистон ўз олдига қўйган дунё Уммонининг дилтортар кенгликларига ва жаҳоннинг янги экспорт бозорларига чиқиш, шунингдек миллий иқтисодиётни халқаро иқтисодий муносабатлар тизимига ва маҳсулотлар таъминоти занжирига чуқур интеграциясини таъминлаш каби қатор стратегик мақсадлари ва бунга нисбатан қилаётган тизимли интилишлари Туркия мамлакатини республикамизнинг мазкур йўналишдаги табиий ҳамкорига айлантирмоқда.
Бунинг сабаби Туркиянинг денгиз сарҳадлари билан чегараланганлиги, жадал ривожланаётган транспорт-коммуникация тизимига эгалиги, Европа ва Осиё қитьаларига географик қўшнилиги ҳамда Ўзбекистоннинг ўз транспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланишидан ҳар томонлама манфаатдор эканлигидадир. Фикримизнинг кичик бир исботи сифатида 2019 йилдан Анқара томонидан ўзбек автомобил қатновчилари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилганини келтириб ўтсак бўлади. Қолаверса, бугунги кунда Ўзбекистон Туркия, Озарбайжон ва Грузия ҳудудларидан ўтувчи «Боку-Ахалкаласи-Карс» темир йўл тармоғидан фойдаланмоқда. Ушбу транспорт йўлаги бизни Ғарб бозорларига олиб чиқувчи энг қисқа транзит йўналиши ҳисобланади.
Тўртинчидан, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш ва уни дунё миқёсидаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадлари ташқи ҳамкорлар билан саноат кооперацияси йўналишидаги ҳамкорликни кучайтириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, ташқи сармоялар ва юқори технологияларни кенг кўламда жалб этишни талаб этмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий тараққиёт стратегиялари бир неча муҳим соҳаларда бир-бирини тўлдириш қобилиятига эга эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Бунга сабаб, Туркия дунёнинг 20 та йирик иқтисодий ривожланган давлатлардан бири ҳисобланиши ва Ўзбекистон учун муҳим ҳисобланган туризм, тўқимачилик, автомобилсозлик, қурилиш, озиқ-овқат саноати соҳаларида юқори натижаларни қўлга киритганлигидадир.
Хусусан, Туркия тўқимачилик ва заргарлик буюмлари саноати дунёдаги кучли бешталикка киради. Турк қурилиш ширкатларидан 44 таси жаҳон миқёсидаги етакчи 250 та қурилиш компаниялари рўйхатидан ўрин эгаллаган. Бу кўрсаткич бўйича Туркия дунёнинг иқтисодий етакчиларидан бири ҳисобланмиш Хитой давлатидан кейинги иккинчи ўринда туради. Мамлакат озиқ-овқат саноати маҳсулотлари эса Ғарб бозорларига кириб боришга, ундаги ўз позициясини мустаҳкамлашга улгурган бўлса, турк автомобил саноати оддий автомобиллардан миллий электрон автомобилларни оммавий равишда ишлаб чиқаришга ўтиш тараддудида турибди.
Бу ҳолат Туркиянинг биз учун муҳим иқтисодий шерик эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Чунки янги Ўзбекистон экспортга йўналтирилган мутлақо янги иқтисодий тараққиёт модели асосларини барпо этишга кириши иқтисодиётнинг барча соҳаларида тизимли ўзгаришларни ва бу тармоқларда саноат кооперациясини давомли ривожлантириш мумкин бўлган ишончли ташқи ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.
Мухтасар қилиб айтганда, сўнгги беш йиллик тарихан қисқа давр мобайнида ўзбек-турк алоқаларида мазмунан юз йилликларга татигулик инқилобий ўзгаришлар ясаш учун мустаҳкам тамал тоши қўйилди – муҳим дастурий режалар ишлаб чиқилиб, дадил амалий ҳаракатлар бошланди.
Муносабатларнинг бундай тарзда куртак ёзиши Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро майдонда янада нуфузи ортиб, икки давлат иқтисодиёти ўсиш сурьатларини барқарорлиги, мамлакатлар халқлари ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва яратувчанлик салоҳиятининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Азиз Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги
стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими