Валюта курслари 06/11/2024
$1 – 12774.98
UZS – -0.12%
€1 – 13914.51
UZS – -0.15%
₽1 – 130.14
UZS – 0.08%
Қидириш
Молия 06/11/2024 Ўзбекистон ва Туркия IT соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Ўзбекистон ва Туркия IT соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация айни кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрига хизмат сафарини амалга оширмоқда. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида IT соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилишни кўзда тутади.

Делегация сафар давомида Туркиянинг йирик компанияларидан бири – “Ал Bayrak Group” бошқарув аъзоси Месут Албайрак билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда компаниянинг техник директори Эрдал Налбант томонидан тақдимот ўтказилиб, “Ал Bayrak Group” фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув давомида Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT соҳаси учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Маълумот учун, “Ал Bayrak Group” 1952 йилда Туркияда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 80 дан ортиқ компанияга эга ва кўчмас мулк, логистика, оммавий ахборот воситалари, саноат ва туризм каби 20 дан ортиқ соҳаларда фаолият олиб боради.

Учрашувда Ўзбекистоннинг IT Park фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилиб, “Зеро Risk” дастури тақдим этилди. Шунингдек, Ш. Шерматов Ўзбекистонда IT мутахассисларининг хорижий тилларни, жумладан, турк ва инглиз тилларини яхши билиши ва уларнинг салоҳияти ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Ал Bayrak Group” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, “Ал Bayrak Group” Ўзбекистонда ўз ишлаб чиқариш офисини очиш ва янги IT-ечимларни ишлаб чиқиш учун маҳаллий IT мутахассисларни ёллашни режалаштирмоқда.

Делегация, шунингдек, Туркиянинг “Текнопалас” ва “АсирДХ” каби IT компаниялари раҳбарияти билан учрашди. Мазкур компанияларга IT Park фаолияти, дастурлари ва имтиёзлари ҳақида маълумот берилди.

“Текнопалас” компанияси 2005 йилдан буён RFID ва IoT технологиялари соҳасида юқори технологияли ечимлар ишлаб чиқариб келмоқда. Учрашувда компания вакиллари Ўзбекистонда офис очиш ва IT Park резиденти мақомини олиш учун ариза топшириш режалари борлигини маълум қилди.

“АсирДХ” компанияси билан ўтказилган музокарада ахборот технологияларининг жаҳон иқтисодиётига таъсири, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида технологик ечимлар экспортини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида компаниянинг Ўзбекистонда шўба корхонасини ташкил этиш ва Осиё мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг