Ўзбекистон ва Сомали ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кеча Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Сомали ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сомалининг БМТдаги доимий вакили Абукар Даҳир Усмон имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари доирасида ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон билан Африка давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шу тариқа, Сомали Федератив Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 157-давлатга айланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2024 йилда Африка, Америка ва Европанинг 12 та давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатган эди.