Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 22/03/2017 Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар
Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаган.

Россия Президентининг қутловида бундай дейилади: "Ўтган йилларда Россия – Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Кенг қамровли сиёсий мулоқотлар, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Россия ва Ўзбекистон халқлари фаровонлиги, Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида ўзаро муносабатларнинг барча жиҳатларини янада ривожлантиришимизга ишончим комил".

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутловида "Ўтган тарихий даврда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги серқирра ва кўп томонлама муносабатлар ривожида салмоқли натижаларга эришилган"и мамнуният билан таъкидланган.

Давлатимиз раҳбарининг қутловида таъкидланганидек, "Бугунги кунда Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори ҳисобланади. Нефть-газ комплекси, машинасозлик ва электротехника саноати, тўқимачилик, фармацевтика ва озиқ-овқат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар биргаликда амалга оширилмоқда ва янги лойиҳалар тайёрланмоқда. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида бевосита алоқалар ривожланмоқда".

Президентимиз "Москвада бўлиб ўтадиган учрашувимиз Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга хизмат қилади", деб ишонч билдирган. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг