Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлараро мулоқотни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг жадал ривожланиши икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам дўстлиги ва ўзаро ишончига асосланганини таъкидлади. Бу сўнгги йилларда мунтазам ташрифлар, учрашувлар ва қўшма тадбирлар туфайли сезиларли даражада мустаҳкамланган парламентлараро алоқаларнинг фаол ривожланишига хизмат қилмоқда.
2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси якунларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу кенг кўламли анжуман Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлангани туфайли ўтказилгани таъкидланди.
Озарбайжон томонига Қўшилмаслик ҳаракати Парламент тармоғининг Бандунг руҳининг 70 йиллигига бағишланган конференцияси ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирилди.
Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламент аёл аъзолари форумига тайёргарлик ишлари ҳам диққат марказида бўлди. Мазкур форумни ташкил этиш бўйича дўстлик гуруҳи тузишга келишиб олинди. Ўзбекистон томонидан Форум концепцияси ҳамда гендер тенглик, таълим, аёллар тадбиркорлиги, туризм ва ёшлар парламентлари ҳамкорлигини қамраб олган панел сессиялар мавзулари таклиф этилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорлик кун тартибини кенгайтириш ва халқаро парламент тузилмалари доирасида мувофиқлаштиришга тайёр эканликлигини тасдиқлади.