Ўзбекистон ва Мўғулистон юк ташиш учун электрон рухсатнома тизимини жорий этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида халқаро автомобиль ташувлари бўйича Ўзбекистон-Мўғулистон қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳар икки мамлакатнинг транспорт идоралари вакиллари қатнашиб, халқаро ташувларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда миллий ташувчилар учун қулай шароит яратиш чораларини муҳокама қилдилар.
Томонлар автомобиль ташувларининг ҳозирги ҳолати юзасидан фикр алмашиб, ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият борлигини таъкидладилар. Музокаралар натижасида 2025 йилда рухсатнома бланклари сонини икки баробар оширишга келишилди.
Йиғилишда рақамлаштириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, E-Permit электрон рухсатнома алмашинув тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу тизим юк ташиш жараёнларини тезлаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги бюрократик тўсиқларни камайтиришга имкон беради.
Электрон тизимнинг жорий этилиши ташувчилар учун ҳужжат расмийлаштириш жараёнини соддалаштириб, халқаро ташувларда самарадорликни оширади.