Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 05/11/2024 Ўзбекистон ва Миср сув таъминоти ва сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон ва Миср сув таъминоти ва сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси ташаббуси билан мисрлик тадбиркор, "The Bell Group" компаниясининг стратегия менежери Ҳайсам Ҳуссайн, "Veolia" компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Шахин Бутуила, "Ўзсувтаъминот" АЖ, Самарқанд вилояти ва шаҳри ҳокимликлари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Молия ва иқтисодиёт вазирликлари мутасаддилари иштирокида ВКА шаклида учрашув ташкил қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Унда Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида сув таъминоти, оқова сувлар ва иситиш тизимларини модернизация қилиш, сув хўжалиги тизимини бошқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Мулоқот чоғида, хорижий ҳамкорлар вилоятнинг барча ҳудудларида сув соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, тизим самарадорлигини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида бошқарувни йўлга қўйиш ва зарур инвестицияларни жалб этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида "Bell Group" ва "Veolia" компаниялари томонидан яқин вақт ичида Самарқанд вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар концепциясини тақдим этиш, "Ўзсувтаъминот" АЖ ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан эса ушбу таклифларни ўрганиш ва ўз хулосасини билдириш ҳамда келгусида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг