Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Макао махсус маъмурий ҳудуди ҳукуматининг Пекиндаги ваколатхонаси вакиллари билан музокара ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ваколатхонанинг Иммиграция ишлари бўйича раҳбари Шу Вэнган билан консуллик–ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид масалалар, Макаонинг миграция қоидалари, шунингдек, жорий йил 3 декабрь куни старт берилган "Хитойда Ўзбекистон туризм йили" доирасида икки томонлама сайёҳлик алмашинувини ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокаралар чоғида, Макао махсус маъмурий ҳудудининг виза сиёсати, томонлар фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон – Макао ўртасидаги соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш масалалари кўтарилди.
Макао томонига сўнги йилларда дунёнинг бошқа мамлакатлари билан визаларни либераллаштириш борасида Ўзбекистоннинг эришган ижобий натижалар ҳақида атрофлича сўзлаб берилди.
Хусусан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар, шу жумладан, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари бўлган Гонконг ва Макао фуқаролари учун 10 кунгача визасиз режим амал қилиб келаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, жорий йил 1 декабрь куни Чэнду шаҳрида "Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида"ги Битим имзоланганлиги маълум қилиниб, айни вақтда мазкур ҳужжат кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички ҳуқуқий процедураларидан ўтказилаётганлиги қайд этилди.
Шу ўринда, ўзбек томони ўз фуқаролари учун Макао махсус маъмурий ҳудуди билан виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувга эришишни мақсад қилгани етказилиб, визасиз режимни ўрнатиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди.
Шу Вэнган Янги Ўзбекистонда ҳукумат томонидан олиб борилаётган сиёсат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида рўй бераётган ижобий ўзгаришларни, хусусан, мамлакатнинг кун сайин дунёга очилиб бораётгани, турли давлатлар билан алоқалари яхшиланиб, самарали ҳамкорлик қилаётганлигини юксак баҳолади.
Макао томони ҳам Ўзбекистон билан барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалий натижадорликни ошириш, хусусан, ўзаро фуқаролар алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасини изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканлигини қайд этди.
Соҳага оид олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этиш борасида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.