Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) Томонлар Конференциясининг 16-сессияси (CОП16) доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг (IFAD) Атроф-муҳит, иқлим, гендер тенглик ва ижтимоий интеграция департаменти директори Хуан Карлос Мендоза билан учрашди.Музокараларда Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида вазир ташкилотнинг Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдириб, ерлар деградациясига қарши курашиш, чўлланиш ва сув ресурсларини бошқаришда Марказий Осиё минтақаси саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда қишлоқ хўжалигида иқлим хизматларини яхшилаш орқали қишлоқ жойларида қашшоқликни камайтиришга қаратилган Мослашув жамғармаси, IFAD ва Экология вазирлигининг қўшма лойиҳасини ишга туширишга тайёргарлик кўриш, қишлоқ жамоаларида барқарорликни, даромадларни ва иқтисодий ўсишни ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Лойиҳа 3 компонентни амалга оширишни ўз ичига олади: агроиқлим мониторинги тизимини ишлаб чиқиш, иқлим сенарийларини узоқ муддатли таҳлил қилиш учун институционал ва техник имкониятларни ривожлантириш ва аҳолининг иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига прогноз қилинаётган салбий таъсири ва тегишли жавоб чоралари ҳақида хабардорлигини ошириш.
Ўз навбатида К.Мендоза Орол фожиаси оқибатлари ва ер деградацияси муаммоларига қарши курашда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда IFAD лойиҳаси мисолида Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари томонидан ташкилотлар билан амалга оширилаётган ташаббус ва лойиҳаларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.
А.Абдуҳакимов чўл технологияларини ривожлантириш орқали ер деградацияси ва чўлланишга қарши курашда мамлакатларни бирлаштириш зарурлигини қўллаб-қувватлади. Вазир К.Мендосага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйида иқлим технологиялари бўйича “Эхпо хаб” очилиши, шунингдек, келгуси йилда иқлим ва чўл технологиялари кўргазмаси ўтказилиши ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, вазир маҳаллий шароитга мослаштирилган наслчилик уруғларини етиштиришга қаратилган лабораториялар ишга туширилишини таъкидлади. Қолаверса, иқлим ўзгариши ва чўлланиш масалалари бўйича Марказий Осиё давлатларининг ҳозирги ўзаро ҳамкорлигига тўхталиб, Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ("Green University") ташкил этилганлигига тўхталди.
Музокаралар натижасида томонлар қўшма лойиҳа доирасида фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда лойиҳалар портфелини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.