Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Технологиялар 01/02/2025 Ўзбекистон ва Ҳиндистон IT соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда: Делегациянинг Бангалорга ташрифи

Ўзбекистон ва Ҳиндистон IT соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда: Делегациянинг Бангалорга ташрифи

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park вакилларининг Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрига ташрифи доирасида IT соҳасининг етакчи ташкилотлари, жумладан NASSCOM уюшмаси, ўйин ишлаб чиқарувчи студиялар ва “Ачаря” университети билан қатор учрашувлар ўтказилди. Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ахборот технологиялари ва ўйин ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек Ўзбекистонга халқаро компанияларни жалб этишдан иборат эди.

Бангалордаги NASSCOM директори Бхаскар Кумар Верма билан учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Ҳиндистоннинг экспортга йўналтирилган компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш ва Ўзбекистон бозори ҳақидаги хабардорликни ошириш учун қўшма тадбирлар ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. IT ва BPO соҳасидаги 3000 дан ортиқ етакчи компанияларни бирлаштирган “NASSCOM” Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш ва мамлакатга сармоя киритиш имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирди.

“Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликда улкан салоҳиятни кўряпмиз. Бу ривожланаётган IT-экотизими ва бизнес учун қулай шароитларга эга мамлакат. Ишончимиз комилки, қўшма лойиҳалар ва инвестициялар ҳар икки мамлакатнинг технология соҳасида ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлади" — деди NASSCOM директори Бхаскара Кумар Верма.

Ташриф давомида "Tentworks Interactive”, “Bombay Play”, “XIGMA Games” ва “Second Quest каби ўйин студиялари билан учрашув алоҳида эътибор марказида бўлди. “GDAI” (Ҳиндистон Ўйин ишлаб чиқарувчилар уюшмаси) вакиллари ҳинд студияларининг Ўзбекистонга ташриф буюришига қизиқиш билдирдилар ва ишлаб чиқиш ҳамда дизайн жамоаларини мамлакатга кўчириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистонда “Tentworks Interactive” студиясининг очилиши саноат учун муҳим воқеа бўлади. Компания “Becoming Pablo” ўйинини ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда ва IT Park имкониятларидан фойдаланган ҳолда МДҲ ва Европа бозорлари билан ишлашни режалаштирмоқда.

“Биз Ўзбекистонни кенгайиш учун стратегик жой сифатида танладик. Бухорода офиснинг очилиши компаниямиз учун минтақавий ривожланишнинг янги босқичи бўлади ва бу минтақада ўсиш ва ривожланиш учун ажойиб шароит яратади деб ишонамиз" — деди “Tentworks Interactive” бош директори Жей Басани.

Ташриф доирасида делегация Ҳиндистоннинг технология ва муҳандислик соҳасидаги етакчи таълим муассасаларидан бири бўлган Бангалор шаҳридаги “Acharya” университетига ҳам ташриф буюрди. Университет ўзининг илғор тажриба марказлари (Centers of Excellence) билан фахрланади, улар доирасида “Wipro”, “IBM”, “Siemens”, “Adobe” ва бошқа йирик компаниялар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади. Томонлар, шунингдек, Бухорода мутахассисларнинг малакасини ошириш ва Ўзбекистонда IT-экотизимини ривожлантиришни жадаллаштириш имконини берадиган шундай марказларни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Бангалорга ташриф Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги IT ва технологиялар соҳасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлди. Ўзаро манфаатдорлик ва тараққиётга интилиш Ўзбекистонда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва янги иш ўринлари яратиш учун замин яратмоқда. “NASSCOM”, Ҳиндистоннинг етакчи ўйин студиялари ва университетлари билан ҳамкорликни давом эттириш Ўзбекистонни IT ва технологиялар соҳасида янги босқичга олиб чиқиши, стартаплар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг