Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17-26 январь кунлари Германиянинг Берлин шаҳрида “Green Week – 2025” халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бугун мазкур кўргазмага старт берилди.
Нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам “Маде in Uzbekistan” миллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари стенди билан иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида Германияда бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси қатор ҳамкор ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири Германиянинг Лейбнитс номидаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (IAMO) департаменти директори ўринбосари Лена Кюйн билан бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги истиқболли йўналишларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Бинобарин, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини суғурталаш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Ушбу соҳада халқаро тажриба, хусусан, Германиянинг илғор усуллари ва халқаро индекс кўрсаткичларини татбиқ этиш бўйича IAMO институтининг илмий ёндашувларини қўллаш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, икки давлат қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Ўзбекистонлик талабаларнинг IAMO институтида таҳсил олишлари ва илмий-амалий тажриба орттиришлари учун шароит яратиш, малака ошириш дастурларини ташкил этиш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувга эришилди.
Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш орқали ушбу тармоқни янги босқичга олиб чиқиш йўналишида ҳамкорлик қилишнинг долзарб аҳамияти қайд этилди.
Айтиш керак, мазкур учрашув икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тизимини модернизация қилиш ҳамда глобал стандартларга мослаштиришда янги имкониятлар яратади.