Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 07/11/2024 Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 ноябрь куни Тошкентда EUROUZ Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси томонидан ташкил этилган 2024-йилги Европа иқтисодий кунларининг очилиши бўлиб ўтди.

Ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, янги ишбилармонлик имкониятларини яратиш ва иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг 300 дан ортиқ ҳукумат ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда давлатимиз раҳбари илк бор ўтказилаётган мазкур конференция Европа билан ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишига, мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд салоҳиятни юзага чиқаришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда Европа капитали иштирокида 1000 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар учун электротехника, машинасозлик, кимё, тоғ-металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга энг қулай шароитлар яратилмоқда.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Леен иштирокчиларга йўллаган видеомурожаатида Ўзбекистоннинг жаҳон савдо ва сармоялардаги роли ортиб бораётганини, шунингдек, ўлкамизнинг муҳим геосиёсий мавқеи ва ҳамкорликнинг улкан салоҳиятига эга эканини таъкидлади.

Европа Иттифоқининг ахборот технологиялари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди. Бу, ўз навбатида, янги корхоналар очиш, иш ўринлари яратиш, биргаликда янги транспорт ва логистика йўлакларини ташкил қилиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси сармоялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бир қатор муҳим кўрсаткичларни, жумладан, Европа Иттифоқи компаниялари билан умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани, 3-Тошкент Халқаро Инвестиция форумида Европа Иттифоқининг 320 дан ортиқ вакиллари иштирок этганини қайд этди.

Иштирокчиларга мамлакатимизда сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, трансчегаравий транспорт йўлакларини ривожлантириш, электроника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика ва кимё саноатида янги ишбилармонлик ташаббусларини шакллантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги очиб берилди.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар мамлакатимизда амалга оширилаётган ортга қайтмас тусга эга ислоҳотларнинг натижаларини, иқтисодиётнинг очиқлиги ва инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни юксак баҳолаб, Европа Иттифоқи компанияларини мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларидаги қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.

Тадбир якунлари бўйича Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида "Хом ашёнинг қўшилган қийматини яратиш барқарор занжирлари соҳасида стратегик шериклик бўйича ўзаро англашув меморандумини амалга оширишга доир “Йўл харитаси” имзоланди.

2024-йилги Европа иқтисодий кунлари икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг янги истиқболларини яратиш учун муҳим платформага айланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг