Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида рақамли технологиялар орқали барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шуниндек, 2025-йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “УН Публиc Сервиcе” форуми ҳақида муҳим маълумотлар берилди. Форумнинг Ўзбекистонда илк бор ташкил этилиши мамлакат учун муҳим ютуқ эканлиги ва рақамли трансформация жараёнларини тезлаштиришда бу имкониятнинг аҳамияти таъкидланди.
Учрашувда, шунингдек, олис ҳудудларидаги аҳолига рақамли хизматларни етказиш, технологиялар орқали тенг имкониятлар яратиш, рақамли хизматлар орқали ёшлар ва кам таъминланган оилалар учун муносиб иш ўринларини яратиш, шунингдек, рақамли билим ва кўникмаларни ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ёшлар учун IТ соҳасида юқори даромадли иш ўринларини яратиш устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланганлиги таъкидланиб, IТ соҳасидаги ўқув дастурларини кенгайтириш, халқаро сертификатларга эга бўлиш имкониятларини ошириш ва маҳаллий ёшларни глобал рақамли иқтисодиётга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистоннинг олис ҳудудларидаги иқтидорли ёшлар учун онлайн платформалар орқали экспорт имкониятларини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашувда имконияти чекланган шахсларнинг рақамли хизматлардан фойдаланиши, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро тажриба алмашиш каби масалалар ҳам муҳокама қилдинди.
Сабина Махл БМТнинг Ўзбекистонда рақамли технологиялар орқали барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун кўрсатаётган қўллаб-қувватлашларини таъкидлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.