Жорий йилнинг 9 декабрь куни Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев бошчилигидаги вазирлик делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Ички ишлар вазирлигининг давлат хизматларини кўрсатишга масъул Бахт – саодат департаменти директори Насир Хадим билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мамлакатимизда хақчил давлат хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил амалий чоралар БААдаги ҳамкасблар билан ўртоқлашилди.
Шунингдек, учрашув доирасида БАА Ички ишлар вазирлигининг давлат хизматларини ташкил этиш ва кўрсатиш фаолиятидаги сўнгги янгиликлар билан яқиндан танишилиб, интерактив суҳбатлар ҳамда тақдимотлар орқали ўзаро тажриба алмашилди.
Хусусан, давлат хизматларини олишда аҳолининг қониқиш даражасини ва соҳа мутахасисларининг малакасини ошириш, ситуацион марказларнинг давлат хизматларини такомиллаштиришдаги ўрни, проактив хизматлар ҳамда онлайн давлат хизматларининг қамровини ошириш механизмлари кўрсатиб берилди.
Маълумот ўрнида, БАА томонидан аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 133 тани ташкил этади.
Шу билан бирга, томонлар давлат хизматларини кўрсатишни соддалаштириш, оммабоп хизматлардан мобил илова орқали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида тажриба алмашишга келишиб олинди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.