Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 14/03/2019 Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича протокол имзоланди
Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича протокол имзоланди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Иқтисодиёт вазири Султон Саид ал-Мансурий бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация ташрифи доирасида Халқаро бизнес марказида савдо-иқтисодий ва илмий техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир Бирлашган Араб Амирликлари Иқтисодиёт вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилди.

БАА делегацияси таркиби Бирлашган Араб Амирликларининг давлат идоралари ва халқаро бозорларида танилган йирик компания вакилларидан иборат бўлди. Абу-Даби тараққиёт жамғармаси, “ADNOC” Абу Даби миллий нефт компанияси, қайта тикланадиган энергетика ва шаҳарларни барқарор ривожлантиришга йўналтирилган “Masdar” компанияси, БАА “Investment Corporation of Dubai” ва “Mubadala Utilities” инвестициявий компаниялар ҳамда “Flydubai” авиакомпанияси савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тошкентга ташриф буюришди.

Ўзбек томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Элёр Ганиев сўзга чиқди. Учрашувда Ўзбекистон билан БАА ўртасида стратегик шерикликни ривожлантиришнинг истиқболли жиҳатлари қайд этилди ва 2018 йил октябрь ойида имзоланган Ўзбекистон-БАА бизнес форуми натижалари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати бўйича фикр алмашилди. Учрашувнинг энг муҳим масалаларидан бири – инвестицияларни кенгайтириш ва асосчилари Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобланган қўшма инвестиция компаниясининг сармоявий портфелини шакллантириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш бўлди. Муҳокамалар чоғида етказиб берилган маҳсулот турларини кенгайтириш ва икки томонлама савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ҳукуматлараро комиссия мажлисининг кун тартиби доирасида “Mubadala” компанияси иштирокида углеводородларни қазиб олиш, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш, “Ўзбекнефтегаз” АЖнинг “ADNOC” компанияси билан алоқаларини давом эттириш ҳамда “Masdar” компанияси билан қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг учинчи йиғилишида Дубай ва Тошкент ўртасида жорий йилнинг 11 мартидан “Fly Dubai” авиакомпанияси томонидан бошқариладиган янги йўналиш очилгани айтиб ўтилди.

Томонлар ушбу қарор туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга, савдо операцияларини амалга оширишга ва икки мамлакат ўртасида сармояларни жалб қилишга имкон беради, деб таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг БААга ташрифи ва унга тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий техникавий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг учинчи йиғилиши протоколи имзоланди.

Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги телеграм канали.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг