Бугун давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бу фуқаролари учун муносиб ҳаётни таъминлашдир. Турмуш даражасини яхшилаш ва ўрта қатлам улушини ошириш бўйича олдинга қўйилган вазифани бажаришдаги энг муҳим омил бу аҳоли бандлигини таъминлашдир. Чунки бу давлат бюджетига тушадиган ижтимоий зўриқишни камайтиради ва меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар ўртасида камбағаллик даражасини пасайтиради.
Иқтисодиётнинг бугунги ривожланиш босқичида бандлик билан боғлиқ муаммони, янги бандликнинг илғор шакли – масофадан туриб ишлаш орқали
ҳал этиш мумкин. Замонавий бандликнинг бу шакли турли хил номлар билан аталади, яъни интернет орқали ишлаш, узоқдан туриб ишлаш ёки фриланс (инглизча. freelance – «эркин рассом», штатдан ташқари ходим, эркин профессионал).
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистоннинг фриланс бозорига чиқиш имкониятларини баҳолади.
Тадқиқот давомида 2015-2021 йилларда Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик индекси ҳисоблаб чиқилди ва қуйидаги асосий натижалар олинди:
1. Тадқиқ этилаётган даврда индекс қиймати 43,9 дан 59,9 гача кўтарилди.
2. Бу вақт оралиғида инфратузилмаларнинг ривожланиш кўрсаткичи 38,0 дан 64,2 гача кўтарилди ва у индекснинг ортишига энг катта ҳисса қўшди.
3. Энг катта ўсиш маълумотларни узатиш халқаро тармоғининг ўтказувчанлик имконияти (74,7 маротаба) ва масофавий банк хизматлари тизимларидан фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) сони (20,2 маротаба) каби кўрсаткичлар бўйича қайд этилди.
4. Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик даражасига олий таълим билан қамраб олиш (3,8 маротаба), интернетдан фойдаланувчилар сони (2,4 маротаба) каби кўрсаткичларнинг ортиши, провайдерлар учун интернет-хизматлар (ташқи канал) учун тарифлар қиймати кўрсаткичнинг пасайиши (86,4 маротаба) ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Upwork фриланс платформаси ҳисоботига кўра, бугунги кунда фрилансерларга бўлган талабнинг каттагина қисми ( тахминан 50%) ҳамон кичикроқ ва ўртача капитал айланишига эга бўлган компанияларнинг улушига тўғри келади. Бироқ, Fortune 500 рўйхатидаги (рўйхатда Amazon, Apple, Microsoft, Facebook, PepsiCo ва бошқа компаниялар бор) йирик компанияларнинг 33 фоизи ўз ишини аутсорсингга бериш учун фрилансерлар биржасига мурожаат қилмоқда.
2021-йилда нафақат харажатларни камайтириш ва алоҳида лойиҳалардаги эҳтиёж, балки кенг экспертизадан фойдаланиш имкониятларининг ортиши ҳам фрилансерларни жалб қилишдаги бирламчи сабабга айланди.
Глобал фриланс бозори ривожланишининг истиқболлари ҳақида тўхталганда, Upwork компанияси фикрича, компанияларнинг операцион харажатларни камайтириш ва бизнеснинг мослашувчанлигини таъминлашга интилиши туфайли фриланс бозорида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолади. Прогнозларга кўра, 2025-йилга борганда глобал фриланс бозорининг ҳажми 13,84 триллион АҚШ долларига етади.
Шундай қилиб, 2021-йилда фрилансерлар ва жамоалар мустаҳкамланди ва оёққа турди. Энди фриланс ҳамма жойда янада кучаяди ва янада мустаҳкамланади. Фрилансерлар фоизи ҳам тез суръатлар билан ошади ва штатдаги ходимлари стратегик вазифалар билан шуғулланадиган, қолган барча ишларни аутсорсингга берадиган компаниялар келажак компанияларига айланади.
Дунё фриланс бозорининг тез суръатлар билан ривожланиши унга Ўзбекистоннинг ҳам кириши зарурлигидан далолат беради. Бу масала қанча узоқ чўзилса, мамлакатимиз шунча кўп имкониятни қўлдан бой беради. Ҳозирги вазиятни инобатга олганда мамлакат ҳукумати томонидан фриланс бозори фаолиятини фаоллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Ўзбекистонда ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар (фрилансерлар) нинг ҳуқуқий мақоми яқинда қонунийлаштирилди ва соддалаштирилди. Ўзбекистонда фрилансерлар фаолиятини давлат меъёрий актлари
билан қонунийлаштириш учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини татбиқ этиш кўзда тутилган. Меҳнат гувоҳномаларининг жорий этилиши расмий рўйхатдан ўтмасдан яширин иқтисодиётда банд бўлган фуқароларнинг меҳнатини қонунийлаштиришга қаратилган.
Фрилансерларни гувоҳномани расмийлаштириш учун рағбатлантириш мақсадида ўзини-ўзини банд қилган давр меҳнат стажига қўшилади ва бу келгусида унга пенсия таъминотидан фойдаланиш имкониятини беради.
2020-йилнинг июнь ойида Президент томонидан “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди . Ушбу қарор доирасида ўзини ўзи банд қилганлар учун касблар рўйхати 24 тадан 67 тагача кенгайтирилди. Мазкур касбларда ўзини ўзи банд қилганлар даромад солиғини тўлашдан озод этилди.
Шунингдек, фрилансерлар бугун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборотлар тизимига тегишли маълумотни киритмасдан банклардаги ҳисоб рақамлари орқали хорижий валютадаги тўловларни қабул қилиш;
- очиқ оферта ёки ҳисоб-фактура (жумладан электрон кўринишда) асосидаги шартномасиз хорижликларга хизмат кўрсатиш.
Айни чоғда Ўзбекистоннинг дунё фриланс бозорига қанчалик муваффақиятли кира олиши жуда муҳим масала ҳисобланади. Мамлакатнинг имкониятларини баҳолаш учун Жаҳон банкининг мослаштирилган усулидан фойдаланилди . Мазкур усул бирламчи манбадан замонавий кўрсаткичлардан фойдаланилгани, шунингдек, индикаторлар Ўзбекистон миллий статистика базасидаги маълумотларга мослаштирилгани билан фарқ қилади.
Ўзбекистоннинг жаҳон фриланс бозорига киришга тайёрлик индекси 2015-2021 йиллар учун шу тариқа ҳисобланди.
Мамлакатда кўрилган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик индекси 43,9 дан 59,0 гача кўтарилди. Бунга 3-блок кўрсаткичларининг яхшиланиши энг кўп таъсир қилди. Демак, “Инфратузилмалар” блоги бўйича ўртача кўрсаткич 38,0 дан 64,2 га кўтарилди. Маълумотларни узатиш халқаро тармоғининг ўтказувчанлик имкониятининг 74,7 маротаба (2015-йилда 16,1 Гбит/с ва 2021-йилда 1200 Гбит/с), масофавий банк хизматлари тизимидан фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) сонининг 20,2 маротаба (2015-йилда 979,5 минг киши ва 2021-йилда 19705,2 минг киши), асосий мобил алоқа станциялари сонининг 2,8 маротаба (2015-йилда 16,3 минг дона ва 2021-йилда 45,9 минг дона), юқори тезликка эга интернетдан фойдаланувчи
абонентлар сонининг 2,4 маротаба (2015-йилда 100 кишига 5,8 та абонент ва 2021-йилда 14,4 та абонент), аҳолининг интернет билан таъминланганлиги
2,2 маротаба (2015-йилда 100 кишига 26,6 та уланиш ва 2021-йилда 58,4 та уланиш) ва бошқалар умумий ўсишга энг кўп таъсир кўрсатди.
Шунингдек, бошқа блоклар бўйича сезиларли ўсиш кузатилди. Буни олий таълим билан қамраб олиш коэффициентининг 3,8 маротаба ортиши (2015-йилда 18-22 ёш оралиғидаги аҳолининг 8,3%и ва 2021-йилда 31,3%и), интернетдан фойдаланувчилар сонининг 2,4 маротаба ортиши (2015-йилда 10,2 миллион киши ва 2021-йилда 24,7 миллион киши), провайдерлар учун интернет хизматлари тарифларининг 86,4 маротаба пасайиши (2015-йилда 259,3 АҚШ доллари ва 2021-йилда 3,0 АҚШ доллари), АКТ товарлари экспортининг 2,4 маротаба ортиши (2015-йилда товарлар экспортининг умумий ҳажмидаги улуши 0,07%ни, 2021-йилда эса 0,16%ни ташкил этган) каби кўрсаткичлар мисолида кўриш мумкин.
Бошқа кўрсаткичлар ёки ўзгаришсиз қолган ёки улардаги яхшиланиш 2 маротабадан камроқ бўлган. Шунингдек, 4 та кўрсаткич бўйича қиймат пасайганини қайд этиш жоиз. Ўрта-махсус таълим билан қамраб олиш коэффициенти 14,4 маротаба (2015-йилда 16-18 ёш оралиғидаги аҳолининг 91,0% ини, 2021-йилда эса 6,3% ини ташкил этган) пасайган. Мазкур пасайишни 10-11 синфларда таълим олишнинг қайта тикланиши билан изоҳлаш мумкин. АҚШ долларида ҳисобланган бир ойлик ўртача номинал иш ҳақи 1,5 маротаба (2015-йилда 454,5 АҚШ доллари ва 2021-йилда 302,0 АҚШ доллари) пасайган. Бу ҳолат алмашинув курсининг миллий валютадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан тез суръатларда ошгани билан изоҳланади. Ва ниҳоят, кўрсатилган умумий хизматлар ҳажмида алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг улуши 1,1 маротаба қисқарган (2015-йилда 6,6%ни, 2021-йилда эса 6,0%ни ташкил қилган)
Антон Костюченко,
ПМТИ лойиҳа раҳбари