Жорий йилнинг 2-4 март кунлари Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев бошчилигидаги делегация Туркия Республикасида бўлди. Хўш, бу ташрифдан кўзланган мақсад нима эди?
Маълумки, Туркия тиббиёти дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айниқса, юқори технологик операциялар, шошилинч тиббий ёрдам, тиббий суғурта, рақамли тиббиёт, фармацевтика каби қатор йўналишларда ушбу қардош мамлакатдан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.
Ўзбекистон вакилларининг Туркия соғлиқни сақлаш вазири Ф. Кожа билан бўлиб ўтган мулоқотида ана шу соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, мулоқот чоғида Ф. Кожа Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммити доирасида бўлиб ўтган Туркия ва Ўзбекистон раҳбарларининг учрашуви соғлиқни сақлаш соҳасидаги яқин алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун кенг йўл очганини таъкидлади.
Шунингдек, Туркияда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш жараёнида бевосита иштирок этган энг тажрибали мутахассисларни мамлакатимизга жалб қилиш, кадрлар тайёрлаш тизимига илғор ўқитиш методикаларини татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонлик шифокорларнинг кардиожарроҳлик, эндокринология, онкология, акушерлик ва гинекология, болалар онкогематологияси, бошқарув менежменти йўналишларида Анқара ва Истанбул шаҳарларидаги етакчи тиббиёт муассасаларида малака оширишини ташкил этиш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларини Туркиядаги 9 та давлат клиникасида имтиёзли тарифлар бўйича даволашни йўлга қўйиш, юртимизда ҳар йили “Турк тиббиёти ойлиги”ни ўтказиш борасида таклифлар ўртага ташланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, тиббий суғурта ва дори воситалари ҳамда тиббий техникани ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича ўзаро тажриба алмашишга келишилди.
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТICА) президенти С. Каялар билан бўлиб ўтган музокаралар ҳам самарали кечди. Унга мувофиқ, агентлик томонидан ўзбекистонлик шифокорларнинг Туркияда малака ошириши учун грант маблағлари ажратиладиган бўлди.
Туркия шифокорлар ассоциацияси билан эса бемор болаларга тўғри ташхис қўйиш ва уларни самарали даволаш бўйича қўшма онлайн маслаҳат платформасини ишга тушириш хусусида истиқбол режалари белгилаб олинди.
Туркия меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги тиббий суғурта масаласида Ўзбекистон билан ўз тажрибаларини алмашишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Сафар доирасида делегациямиз Туркия Фармацевтика ва тиббиёт ускуналари агентлиги (TİTCK), Тез тиббий ёрдам маркази (SAKOM), “Ankara Şehir Hastanesi”, “Basaksehir Cam ve Sakura Sehir Hastanesi”, “Medipol” клиникаларида ҳам бўлдилар.
Масалан, Medipol университети шифохонаси жаҳон стандартларига мос фаолият олиб бораётган йирик хусусий кўп тармоқли тиббиёт муассасасидир. Бу ерда ҳар йили онкологик, гематологик, юрак-қон томир ва стоматология каби йўналишлар бўйича 800 мингга яқин бемор даволанади.
Мазкур муассаса мутасаддилари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатимизда “Medipol” бренди остида кўп тармоқли клиника ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Туркия томони бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, дастлабки босқичда “Medipol” маблағлари ҳисобидан капитал таъмирлаш ишларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Бинобарин, Туркиянинг бошқа йирик хусусий клиникалари билан ўтказилган мулоқотларда ҳам истиқболли келишувларга эришилди.
Жумладан, “LIV Hospital” мамлакатимизнинг тўрт вилоятида тиббиёт ходимлари малакасини оширишга мўлжалланган инновацион ўқув марказларини очиш, “Moodist Hospital” хусусий наркология ва психиатрия марказини ташкил этиш, “Memorail Health Group” эса консалтинг хизматларини кўрсатиш юзасидан таклиф ва режаларини тақдим этди.
Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб борадиган “Rönesans Holding” компанияси Фарғона ва Бухорода ташкил этиладиган кўп тармоқли клиникаларни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш бўйича тендер танловларида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Умуман, ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасаддилари 2022-2023 йилларда ўзаро ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олдилар