Валюта курслари 31/01/2025
$1 – 12957.01
UZS – -0.09%
€1 – 13485.66
UZS – -0.05%
₽1 – 132.13
UZS – -0.14%
Қидириш
Туризм 30/01/2025 Ўзбекистон туризмини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади

Ўзбекистон туризмини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида «Reformatics» халқаро консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баходир Рахматов, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиэв ҳамда «Reformatics» бош ҳамкори Нико Гилаури ва компаниянинг бошқа вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида томонлар соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва инфратузилмани яхшилаш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ҳамда замонавий рақамли ечимларни интеграция қилиш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар. «Reformatics» экспертлари Ўзбекистоннинг дунёнинг етакчи туризм йўналишларидан бирига айланиши учун ноёб имкониятларга эга эканлигини таъкидладилар. Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, яъни 2000 км радиусда 21 давлат жойлашгани, минтақавий ва халқаро туризмни жадал ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Учрашув якунида «Reformatics» компаниясининг Ўзбекистон туризмини 2040 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича эксперт ёрдамини назарда тутувчи уч томонлама шартнома имзоланди.

Стратегиянинг асосий вазифалари ва мақсадли йўналишлари сифатида хорижий туристлар сонини 20 миллионга, ички туризм ҳажмини 30 миллион кишига етказиш ҳамда туризмнинг мамлакат ЯИМдаги улушини 7% гача ошириш белгиланган.

Ушбу мақсадларга эришиш учун туристик оқимларни таҳлил қилиш, аудиторияни сегментатсия қилган ҳолда глобал маркетинг стратегиясини ишга тушириш, истиқболли туризм йўналишлари ва маршрутларини ишлаб чиқиш каби комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бирга, асосий туристик ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш бўйича инвестиция пакетларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳрида «Reformatics» компаниясининг ваколатхонаси очилиши режалаштирилган. Компания экспертлари туризм соҳаси вакиллари, тадбиркорлар, туроператорлар, инвесторлар ва давлат идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, соҳанинг тезкор ривожланиши учун инновацион ечимларни ишлаб чиқадилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг