Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Олма-отадаги SIPA форумида сўзга чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида “Марказий Осиё минтақасида барқарор ва ишончли транспорт боғлиқлик бўйича SIPA сиёсий мулоқоти” ўз ишини бошлади.
Халқаро транспорт форуми ташкилоти, Қозоғистон Республикаси транспорт вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров иштирок этмоқда.
Тадбир давомида SIPA дастури доирасида Марказий Осиё давлатларида юк ташиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича минтақавий тадқиқот натижаларини муҳокама қилиш, транспорт ва логистика соҳасида олиб борилган ислоҳотлар тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.
Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров SIPA дастури лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон келгуси муҳокамаларда ҳам фаол иштирок этишга ҳамда олинган натижалар ва тавсияларни ўз транспорт сиёсатига жорий этишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.
– Биз юк ташишнинг ўзаро боғлиқлиги, экологик хавфсизлиги ва барқарорлигини яхшилаш бўйича ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаш учун транспорт соҳасидаги қўшма тадқиқотларни давом эттиришга тайёрмиз,- деди I.Abdugafarov.
Вазир ўринбосари Марказий Осиё мамлакатларнинг ўзаро манфаатларини инобатга олиб, мамлакатларимизнинг транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқлигини янада мустаҳкамлаш, техник стандартлар ва талабларни уйғунлаштириш, божхона тартиб-қоидаларини амалга ошириш жараёнларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, контейнер блок-поездларда юкларни тезкор етказиб бериш ва ташиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда имтиёзли тарифлар бериш бўйича таклифларни илгари сурди.