Тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9%га, кийимлар – 22,3%га, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 35,1%га ошган.
Ушбу товар турларини ишлаб чиқариш бўйича республиканинг умумий ҳажмидаги энг кўп улуш асосан Андижон вилояти (12,2%), Тошкент шаҳри (11,9%), Фарғона (11,8%), Самарқанд (10,3%) ва Тошкент (8,4%) вилоятларидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Кичик тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, айнан шу фаолият тури билан шуғулланувчи корхоналарга ҳам барқарор ривожланиш имконини бериб, уларнинг кўрсаткичлари ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 19,4%га ошди, бунда тўқимачилик маҳсулотлари, кийимлар, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмида тадбиркорлик субъектларининг улуши 66,1 %ни ташкил этди, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати.
Ҳозирги кунда республикада 3047 та тўқимачилик корхоналари, 4774 та тикувчилик корхоналари, 691 та чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. 2016-йил давомида ушбу фаолият турлари бўйича 966 та корхона янгидан ташкил этилди.