Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 12/12/2016 Ўзбекистон тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун 80 млн. доллар йўналтирди
Ўзбекистон тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун 80 млн. доллар йўналтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун жорий йилда 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Шавкат Мирзиёев деди: “Жорий йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ушбу соҳанинг асосий йўналишлари бўлган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни аниқ белгилаб берди.

Соғлом болани вояга етказишнинг муҳим шарти бўлган репродуктив саломатликни яхшилаш, туғма нуқсон ва хасталиклар билан туғилишларнинг олдини олиш, тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун тизимли ишлар амалга оширилди.

Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, лекин мен фақатгина баъзи бир мисолларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун жорий йилда 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди.

Дастурда белгиланган тадбирлар бўйича 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. Бунинг учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди. Лекин биз учун қанча маблағ кетгани эмас, балки юзлаб болаларимизнинг саломатлиги тиклангани муҳимдир.

Ана шундай ишлар қаторида 700 минг нафар бола пневмокок инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди.

Дастур доирасида аёлларимиз учун зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш борасида ҳам катта ишлар қилинди”.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг