Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз дунёнинг кўплаб давлатларида ўтказилаётган халқаро сайёҳлик ярмаркаларида фаол иштирок этмоқда.
Истанбул халқаро сайёҳлик ярмаркаси дунё миқёсидаги йирик халқаро тадбирлардан ҳисобланади. 2018 йилги ярмаркада саксондан зиёд мамлакатдан 1000 дан ортиқ сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва олимлар иштирок этди.
“Tuyap Istanbul Fair ” – кўргазма залида ташкил этилган “EMITT – 2018” халқаро сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимизнинг Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Zilol Baxt” меҳмонхонаси ҳамда “Dolores Travel”, Orient mice”, “Anur tour”, “Miramax”, “UzinTour”, “Asia Tour”, “Avrud Travel”, “Turon Travel” каби сайёҳлик компания ва фирмалари иштирок этди.
Кўргазмада намойиш этилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” стендида миллий авиаташувчи фаолияти ҳақидаги ахборот материаллари, МАК авиапарки, авиакомпания қатновлари жадвали ва Ўзбекистонга турпакетларнинг кўргазма вақтида сотилиши мумкинлиги унга ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қилди ва 4 кун давомида, нафақат туризм соҳаси вакиллари, балки бевосита кўргазмага ташриф буюрувчиларда ҳам қизиқиш уйғотди.
Халқаро сайёҳлик ярмаркаси иштирокчилари тарихий обидаларимиз ва миллий қадриятларимиз акс этган “Ўзбекистон” стенди ташкилотчилар томонидан “Энг яхши стенд” деб топилди. Мамлакатимизнинг кўҳна ва навқирон шаҳарларига саёҳатларни уюштираётган ўзбек сайёҳлик компания ва фирмалари тақдим этган тур-пакетлар ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди ва кўплаб шартномалар имзоланди.