Валюта курслари 05/02/2025
$1 – 12998.91
UZS – 0.11%
€1 – 13439.57
UZS – 1.16%
₽1 – 131.29
UZS – 1.12%
Қидириш
Ўзбекистон 24/01/2025 “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

“Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг ажралмас қисми ҳисобланган сув хўжалигини янада ривожлантириш, сув ресурсларини бошқаришда илмий ёндошиш, соҳага сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш орқали ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги вақтда сув ресурсларини бошқариш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатлар 10 га яқин қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек 20 тадан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ушбу ҳужжатлар сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга асос солган бўлса-да, соҳадаги муносабатларни изчил ва тизимли ҳал этадиган, сув қонунчилигининг ягона мувофиқлаштирилган тизимини шакллантиришни етарли даражада таъминлай олмади. Шундан келиб чиқиб, сув ва сувдан фойдаланиш соҳасида ягона ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида ишлаб чиқилган Сув кодекси лойиҳасида бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда.

Жумладан, унда белгиланаётган нормалар сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулияти оширишга, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилишига хизмат қилади.

Депутатлар кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш, сувни истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари жорий этишга алоҳида аҳамият қаратишди.

Кодекс лойиҳасида сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологияларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари акс этмоқда.

Мажлисда айрим нормаларни маромига етказиш учун Кодекс лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг