Партиямиз депутатлик корпуси номидан шонли сана – Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этамиз. Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бу кун энг замонавий талаб ва андозаларга жавоб берадиган, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимизни шакллантириш борасида амалга оширилган кенг миқёсли ишларнинг нақадар самарали бўлганидан далолат беради. Ўтган 25 йилда Ўзбекистонда халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир миллий армия шаклланганини бугун бутун халқимиз фахр билан эътироф этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучларнинг Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг “қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизими талаб даражасида эмас эди, ҳарбий тузилмалар ўзининг қурилиши ва жанговар таркиби бўйича янги пайдо бўлган таҳдидлар олдида заиф эди, энг мушкул муаммо – малакали ҳарбий кадрлар етишмасди”, деган сўзлари бу борадаги ислоҳотлар ва бартараф этилган муаммолар нақадар мураккаб бўлганидан далолат беради. Шунинг учун миллий армиямизни барпо этиш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди.
Биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ватанимизнинг турли ҳудудларида бўлиш асносида амалга оширилган туб ва чуқур ҳарбий ислоҳотларнинг юксак самаралар бераётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари тахкидлаганидек, хозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда!
Дилфуза Ўролова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси.
Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси доирасида, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театри ва унинг реал хусусиятлари, илғор хорижий тажрибаларни ҳар томонлама ҳисобга олиш асосида ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди. Кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш яхшиланди, ҳарбий шаҳарчаларда замон талабларига жавоб берадиган ижтимоий-маиший шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда амалга оширилган комплекс дастурлар натижасида 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар оиласи уй-жой билан таъминланди.
Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида «Ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай ўта масъулиятли вазият ва ҳаётнинг ўзи эришган барча ютуқларимизни, шу билан бирга, йўл қўйган камчиликларимизни чуқур ва танқидий таҳлил қилишни барчамиздан талаб этмоқда», деб алоҳида таъкидлади.
Миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган ҳар томонлама ўйланган ва изчил чора-тадбирларни давом эттириш жараёнида миллий хавфсизликни қонунчилик жиҳатидан тартибга солишда мамлакатимиз парламенти аъзоларининг самарали ва ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти алоҳида ўрин эгаллайди. Амалдаги барча қонунларни пухта инвентаризация қилиш, уларнинг замон талабларига мувофиқлигини ўрганишни лозим деб ҳисоблаймиз. Миллий хавфсизликни таъминлашни стратегик режалаштиришнинг аниқ давлат тизимини ишлаб чиқиш ва қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш принципиал муҳимдир. Ушбу тизим асосини Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик ва эгилувчанлик принциплари, энг яқин қўшниларимиз билан амалий муносабатларни ривожлантириш масаласининг устуворлиги ҳамда Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш, халқимизнинг маданий ўзлигини сақлаш вазифалари ташкил этиши лозим.
Иккинчи муҳим йўналиш – Қуролли Кучларимиз устидан жамоатчилик назоратининг самарадорлигини янада кучайтириш. Маълумки, Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси фаол иш олиб бормоқда. Қўмита олдида миллий армия фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик институтлари ва жамоат ташкилотларининг ҳарбий қурилиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, ҳарбий хизматчилар ва чақирув ёшидаги ёшларни тарбиялашдаги иштирокини таъминлашга кўмаклашиш вазифаси турибди.
Сўзим якунида Ўзбекистон Республикаси Қуроллик Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги билан табриклайман ҳамда ўзининг фидокорона меҳнати билан миллий армиямизни шакллантириш, унинг қудратини юксалтиришдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшган ва ҳисса қўшаётган барча ҳамюртларимизга миннатдорлик билдираман.