Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 21/10/2021 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиуми ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиуми ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида «Шўрланишни тўхтатиш – тупроқ унумдорлигини ошириш» мавзусида шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиуми ўтказилди. Илмий-сиёсий тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва унинг Глобал тупроқ ҳамкорлиги, Тупроқ бўйича давлатлараро техник кенгаши  томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.

Шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиумнинг асосий мақсади – фан, амалиёт ва сиёсатни бирлаштириш, шўрланган тупроқларни бошқариш билан боғлиқ ҳолат ва муаммоларни таҳлил қилиш ва тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ихтиёрий кўрсатмаларни амалга ошириш учун ҳаракатни рағбатлантиришдир. Симпозиум шўрланган тупроқларни барқарор бошқариш учун мавжуд билим ва амалий ечимлар ҳақида фикр алмашиш, шунингдек, муваффақиятли амалиёт ва технологияларни кенгайтириш учун зарур бўлган ҳаракатларни муҳокама қилиш учун платформалар яратади.

Глобал симпозиум доирасида ФАО шўрланишнинг олдини олиш ва ҳосилдорликни оширишнинг асосий воситаси бўлган Шўрланган тупроқларнинг Глобал харитасини ишга туширди. Ҳужжатга мувофиқ, дунёда 833 миллион гектардан ортиқ шўрланган ерлар бор (бутун сайёрамизнинг майдонининг 8,7 фоизи). Уларнинг аксарияти Африка, Осиё ва Лотин Америкасида жойлашган. Харита 118 мамлакат ва юзлаб маълумотлар билан ишлаш ва тахлил килиш бўйича мутахассислар иштирокидаги қўшма лойиҳадир. У мутахассисларнинг тупроқ шўрланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қаерда ва қачон ўтказилиши лозимлигини аниқлаш имконини беради, шунингдек, суғориш ва иқлим ўзгаришига мослашиш билан боғлиқ лойиҳаларни ишлаб чиқишда фойдали бўлади.

Виртуал форматда ўтказилган Глобал симпозиум доирасида 2021-йил 20-октабр куни Тошкентда «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда шўрланган тупроқларнинг интеграллашган бошқаруви ва мелиорацияси: янги ёндашувлар ва инновацион ечимлар» мавзусида миллий симпозиум бўлиб ўтди. Тадбирда ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтлари ходимлари иштирок этди.

Миллий симпозиумда республикамизнинг суғориладиган ерларини иккиламчи шўрланишини олдини олиш, шўрланган тупроқларни муҳофаза қилишда рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, иқлим ўзгариши шароитида Орол денгизининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал етиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Тадбир давомида замонамизнинг енг йирик экологик офатларидан бирига эътиборни қаратишга мўлжалланган «Орол денгизининг қуриган тубини тиклаш» видеофильми тақдим этилди.

Шунингдек, Миллий симпозиум доирасида иқтидорли ёшларнинг «Энг яхши илмий ишлари» ни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг