Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади.
Саммитда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Финляндия Республикаси Бош вазири Петтери Орпо ҳамда қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Форумнинг кун тартибига мувофиқ, барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар, “яшил” иқтисодиёт ва минтақавий ўзаро боғлиқликни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, улардаги углеводород улушини кескин камайтириш – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.
Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир.
– Шу боис 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилдик, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти юртимизда Кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва “яшил” молиялаштириш миллий дастури ишлаб чиқилгани, инвестиция лойиҳаларида “яшил” компонентлар келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтирилишини қайд этди.
Иссиқхона газларини мониторинг қилиш ва эмиссия учун квоталар савдоси бўйича миллий тизимларни жорий этиш ишлари давом этмоқда. 2030 йилга келиб иссиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга қисқартириш ва бу мажбуриятни босқичма-босқич ошириб бориш режа қилинган.
“Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш тизимли чоралари кўрилмоқда.
Шавкат Мирзиёев тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун “яшил” қувватлар жадал ривожлантирилаётганига эътибор қаратди.
– Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гиваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 миллиард доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
– Бугунги кунда “яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни “яшил” иқтисодий ривожланиш ва “тоза энергия” марказларидан бирига айлантириш муҳимлигини қайд этди.
Қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлида ҳам илк қадамлар ташланди. Яқинда COP-29 саммити доирасида Қозоғистон ва Озарбайжон билан имзоланган кўп томонлама битим Европага “яшил” энергияни экспорт қилиш имкониятини беради.
– Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, “яшил” энергия соҳасида Бирлашган Араб Амирликлари бизнинг ишончли ва стратегик ҳамкоримиздир, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Сўнгги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда.
“Masdar” компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объекти ишга туширилди. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади.
Бу каби лойиҳалар Амирликларнинг бошқа етакчи компаниялари ҳамда Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Хитойлик шериклар билан ҳам амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Марказий Осиёнинг қуёш, сув, шамол энергияси ҳамда “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятини биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фақат Ўзбекистоннинг ўзида 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергетика ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд.
Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой.
– Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Президентимиз анжуманда иштирок этаётган нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган “Яшил” университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирди.
Мазкур университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий тадқиқот тармоғини яратиш таклиф этилди.
Дубай ва Бокуда бўлиб ўтган “COP-28” ва “COP-29” саммитлари ҳамда бошқа халқаро форумларда Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун қатор ташаббусларни илгари сурган эди.
Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни таъсис этиш, дарё экотизимлари хавфсизлигини таъминлаш, Сув тежовчи технологиялар минтақавий хабини ташкил қилиш, Ўсимликлар генетик ресурслари банкини яратиш шулар жумласидан.
– Бу борада барча ҳамкорларимиз билан амалий ишларни бошлашга тайёрмиз, – деди Ўзбекистон Президенти.
Давлатимиз раҳбари жорий йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда умумминтақавий Яшил тараққиёт концепцияси тақдим этилишини айтди.
Шунингдек, саммитда иштирок этаётган мамлакатлар вакиллари 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида бўладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига таклиф этилди.
Сўзининг якунида мамлакатимиз етакчиси Янги Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва “яшил” тараққиёт йўлидаги кенг ҳамкорликка бутун дунёга очиқлигини қайд этди.