Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 03/02/2022 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси тўғрисида

2022 йил 3 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлари ҳақидаги масалани муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизни 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган Тараққиёт стратегиясида яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг ривожланиш тенденциялари, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини комплекс ривожлантириш йўналишлари аниқ белгиланган.

Ушбу тарихий ҳужжатнинг аҳамияти шундаки, уни ишлаб чиқишда мавжуд муаммолар эътиборга олинди, ечимини кутаётган долзарб вазифалар акс эттирилди. Энг муҳими, ҳужжатнинг ишлаб чиқилишида халқимиз фаол иштирок этди.

Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича «Инсон қадри учун – 100 та мақсад» белгилаб олинган.

Давлат дастури ижроси доирасида 55 трлн сўм ва 11,7 млрд доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурининг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналиши ижросини таъминлаш Олий Мажлис палаталари масъул этиб белгиланган.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси юзасидан парламент назорати йўлга қўйилади.

Мажлисда, шунингдек, мамлакатимизда ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди.

Хусусан, халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Давлат дастури маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш бўйича чораларни ҳам назарда тутади. Бунда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда маҳаллаларнинг ваколатларини, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кенгайтириш, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш каби вазифалар амалга оширилади.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш, ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Шунингдек, бюджет ташкилотларига аниқ стратегик вазифалар қўйиш, уларга сўров юбориш амалиёти жорий қилинади. Ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, масофавий ишлаш йўлга қўйилади, ҳудудларни ривожлантириш масалаларида вакиллик органлари иштироки кучайтирилади.

Муҳокамаларда ушбу вазифаларнинг жойлардаги ижроси Сенатнинг тегишли қўмиталари ҳамда ҳудудлардаги сенаторлар ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Сенатнинг чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонун муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувида асосий омил эканлигидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилди.

Интеллектуал мулк соҳасидаги миллий қонунчиликка мувофиқ минтақавий брендларни ривожлантиришнинг воситаларидан бири интеллектуал мулкнинг объекти бўлган товар келиб чиққан жой номлари ҳисобланади. У географик объектлар, шу жумладан, маъмурий-ҳудудий бирликлар, табиий объектлар билан узвий боғлиқдир.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда фақат 4 та товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилган, шулардан атиги 2 таси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса, қолган 2 таси хорижий ишлаб чиқарувчиларга тегишлидир.

Бундай ҳолат интеллектуал мулкнинг бу соҳаси Ўзбекистон ҳудудлари маълум бир ҳудудга хос маҳсулотларни, айниқса қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасидаги маҳсулотларни оммалаштириш ва ривожлантиришда имкониятлар етарли даражада бўлмаганлигини кўрсатади.

Товар келиб чиққан жой номларига бўлган қатьий талаблар ўрнатилмаганлиги туфайли мамлакатда минтақавий брендлар ривожланмасдан қолмоқда.

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонунда илк маротаба «географик кўрсаткич» тушунчаси акс эттирилган. 

Товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.

Географик кўрсаткич, ишлаб чиқарилаётган товарни белгилаш учун номи қўлланиладиган мазкур географик объектда жойлашган бир нечта юридик ёки жисмоний шахсларнинг талабномасига биноан рўйхатдан ўтказилиши мумкинлиги, бошқа манфаатдор шахслар бўлмаган тақдирда битта юридик ёки жисмоний шахс томонидан рўйхатдан ўтказишга доир талабнома бериш мумкинлиги белгиланмоқда.

Мазкур Қонун ўзининг ноёб маҳсулоти учун белгини рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сони кўпайишига, энг асосийсиси минтақавий брендларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бу эса, ишлаб чиқарувчиларнинг географик кўрсаткич билан ҳимояланадиган қўшимча қийматга эга ўз маҳсулотининг маҳаллий ва хорижий бозорларга чиқишига имкон яратади.

Қолаверса, ҳудудларга туристик оқимининг кўпайиши, «гастрономик туризм»нинг ривожланиши ҳамда ҳудудларнинг туристик жозибадорлигининг ошиши айнан мазкур Қонун билан боғлиқлиги сенаторлар томонидан эътироф этилди.

Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.

Сўнгра сенаторлар «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланиб, 2021 йил декабрь ойида Президентимиз томонидан имзоланган эди.

Ҳеч шубҳасиз, қабул қилинган Конституциявий Қонун мамлакатимизда фавқулодда ҳолат содир бўлганда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда дастурил амал бўлиб хизмат қилади.

«Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан 5 та қонун ва 1 та Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига қўшимча киритилиб, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши даврида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президентининг амалдаги қонуности ҳужжатларини тўхтатиб туришнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги фармонига асосан фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши даврида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туришни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Сенаторлар томонидан маъқулланган Қонуннинг яна бир эътиборли жиҳати фавқулодда ҳолат жорий қилинганда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида сайловлар ўтказилиши чекланмоқда.

Ушбу чекловлар билан боғлиқ нормалар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида» ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, туризм йўналишини миллий иқтисодиётнинг драйвер соҳаларидан бирига айлантириш мақсад қилиб олинган. Бунда фойдаланилмаган кенг имкониятлар, табиий шароит, тарихий ва маданий обидалар мавжуд. Тарихий маданий обидаларимиз нафақат моддий мерос сифатида, балки халқимизнинг маънавий бойлиги сифатида ҳам аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ҳам моддий маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Муҳокама давомида, Сенат томонидан Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида олиб борилган ўрганишлар мобайнида моддий маданий мерос объектларига жуда катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланганлиги, давлат муҳофазасига олинган айрим археологик объектлар йўқ бўлиб кетганлиги ҳам таъкидланди.

Айрим ҳолларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида амалга оширилаётган ишлар реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилиб, уларнинг тарихий ва бадиий қимматига кўп микдорда зарар етказилмоқда.

Жумладан, Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида олиб борилган реставрация ишлари аҳволи ўрганилганида мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани оқибатида унинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат бу турдаги ҳуқуқбузарликларни фош этиш ва олдини олиш бўйича махсус билим ва тажриба, шунингдек замонавий ёндашув талаб этилишини, тергов жараёнлари малакали терговчилар томонидан олиб борилиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Мавжуд муаммоларнинг қонуний ечимини белгилаш мақсадида «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилган.

Қонун билан моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бундай тоифадаги объектларга жуда кўп микдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномаларини белгиланган муддатда ва тўлиқ бажарилмаганлиги юзасидан жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар кун тартибидаги навбатдаги масала – «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунни муҳокама қилишди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси К. Бурхонов қайд этганидек, Қонун амалиётда учраётган муаммоли ҳолатларни келтириб чиқараётган қонунчиликдаги номувофиқликларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг

22721 ва

22723-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, чегара қўшинларига ушбу моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни, ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларидан фойдаланиб содир этилганида мазкур транспорт воситаларини ушлаб туриш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 224 ва 2241-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни (чегара зонасига, шунингдек, фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш, уларда яшаш қоидаларини бузиш ҳамда давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш) кўриб чиқиш ваколати чегара қўшинларига берилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ортиқча вақт сарфлашининг олдини олинишига хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан Меҳнат, Фуқаролик ва Солиқ кодексларига ҳамда амалдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Киритилаётган янгилик орқали фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кучайтирилмоқда.

Яъни, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда ногиронлик пенсиялари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам тайинланиши белгиланмоқда.

Таълим муассасаларида ўқиётган етим болаларга 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи берилмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудида карантинли вазият юзага келиб, чеклов чоралари қўлланилган тақдирда, фуқаролар пенсия тайинлашни сўраб

ўз вақтида мурожаат эта олмай, чекловлар тугатилганидан кейин бир ой ичида мурожаат этса, уларга пенсия олиш ҳуқуқи юзага келган кундан эътиборан пенсия тайинланиши назарда тутилмоқда.

Болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисоблаш жами даври 3 йилдан 6 йилга ўзгартирилмоқда.

Фуқаролик кодексига киритилаётган ўзгартиришга кўра эндиликда автомототранспорт воситалари электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга эканлиги белгиланмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартириш билан Савдо-саноат палатасига маҳаллий хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.

Солиқ кодексига Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, мол, қўй ва товуқ гўшти, тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка, музлатилган балиқ кабиларни олиб кириш ва реализация қилиш бўйича айланма 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил

30 апрелга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур қонунни қабул қилишдан мақсад шахсий ҳужжатлари билан боғлиқ муносабатларда мавжуд муаммо ва камчиликларни, шунингдек, доимий прописка билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш, амалда бўлган биометрик паспорт билан боғлиқ янги ҳуқуқий муносабатлар жорий қилинганлиги боис қонунчиликни такомиллаштиришдан иборат.

Бугунги кунда «прописка» сўзи маънан эскирганлиги ва ушбу атама фуқаролар онгида «тўсқинлик қилувчи», «эркинликни чекловчи» деган тушунчаларни келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан,

қонун ҳужжатлардаги «доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчаларини «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ва «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига алмаштирилмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий қилинганлиги сабабли қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш,

бир қатор қонунларга биометрик паспортга оид ишлатилаётган тушунчалар келгусида идентификация ID-картаси билан қўлланилиши сабабли идентификация ID-картаси тушунчаси киритиш белгиланмоқда.

Қонун қабул қилиниши натижасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» нормаларининг бир хилда бўлиши ҳамда бир хил кўринишда қўлланилишига, идентификация ID-картасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тушунчалар ва ҳуқуқий қоидалар мослаштирилишига эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар «Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли Конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонунни ҳам кўриб чиқишди.

Конвенция 1988 йил 20 июнда ХМТ Бош конференцияси сессиясидан қабул қилинган. Конвенция қурилиш фаолиятининг барча турларини, яъни қурилиш, фуқаролик қурилиши, монтаж ва демонтаж ишларини, шу жумладан қурилиш майдонидаги майдонни тайёрлашдан то объект қуриб битказилгунга қадар ҳар қандай жараёнлар, операциялар ёки транспортда ташиш ишларини қамраб олади.

Муҳокамаларда сенаторлар Ўзбекистонда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя қилиш ҳолати, бу борадаги асосий муаммоли нуқталар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Мазкур конвенция 32 давлат, шу жумладан Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон каби МДҲ мамлакатлари томонидан ратификация қилингани қайд этилди.

Шунингдек, Конвенциянинг аксарият норма ва қоидалари миллий қонунчиликка татбиқ этилгани алоҳида таъкидланди.

Ушбу конвенциянинг ратификация қилиниши қурилиш соҳасига меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади. Бу, айниқса, мамлакатимизнинг меҳнаткашлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлашда асосий халқаро принцип ва стандартларга содиқлигини кўрсатади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда «МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Битимнинг асосий мақсади – сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлар қўйилган товарларни ишлаб чиқариш, реализация қилиш, шунингдек, бундай товарларни МДҲ мамлакатлари давлат чегаралари орқали олиб ўтишнинг олдини олиш, аниқлаш ва бунга чек қўйиш масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Мазкур Битим доирасида томонлар масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ваколатли органлар томонидан аниқланган сохта товар ва географик кўрсаткичлар қўйилган товарларни ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш ҳолатлари юзасидан мунтазам равишда ахборот алмашиши, шунингдек, интеллектуал мулк соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда саноат мулки соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилиши эътироф этилди.

Шунингдек, ваколатли давлат органларига экспорт божхона режими орқали географик кўрсаткичларни божхонада назорат қилиш вақтида уларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида қўшимча вазифа ва функциялар юкланиши таъкидланди.

Сенаторлар қайд этганидек, Битимнинг муҳим қоидаларидан бири Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлмаган давлатлар интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари бўйича ЖСТ Битим тамойиллари ва нормаларига амал қилишга интилиш ҳисобланади.

Битимнинг қабул қилиниши МДҲ иштирокчи-давлатларининг тегишли органлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги босқич бўлганини ҳамда ҳамкорликни стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига олиб чиққанини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи якунларига кўра туб бурилиш ясайдиган кенг кўламли келишувларга эришилганига урғу берилди.

Жумладан, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология, IT-технология, «яшил» энергетика каби соҳаларда қиймати 5 млрд доллардан ортиқ бўлган инвестиция ва молиявий битимларнинг катта пакети имзоланди.

Ташриф чоғида халқ дипломатиясининг муҳим элементи сифатида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат ташрифи якунлари бўйича Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 декабрдаги 67-сон қарори қабул қилинди, унда амалий ҳаракатларнинг учта режаси («йўл хариталари») назарда тутилди.

Муҳокамалар доирасида сенаторлар олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш, вазирлик ва идораларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича Сенат комиссиясини тузиш ташаббуси таклиф этилди.

Қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, Жанубий Корея молия институтлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, Жанубий Корея билан амалга ошириш режалаштирилган инвестиция лойиҳалари бўйича вазирлик ва идораларнинг таклифларини кўриб чиқиш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтириш, икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш мазкур тузилманинг асосий вазифалари бўлиши керак.

Сенаторлар, шунингдек, икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун майдон яратилиши мамлакатлар ўртасидаги келишувлар асосида қўйилган вазифалар ижроси юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш имконини беришини ҳам таъкидлади.

Муҳокама якунлари бўйича Сенат қарори қабул қилинди. Унга кўра сенаторлар ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар, компаниялар ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари киритилган Комиссиянинг Низоми ҳамда шахсий таркиби тасдиқланди. 

Шунинг билан Олий Мажлис Сенати йигирма учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг