Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифаларни амалга ошириш ҳамда ёшлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам ташкил этиш орқали улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Р.Джураев ва Ўзбекистон Таэквон-До ITF Миллий Ассоциацияси президенти Л.Хасанов учрашиб, ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Таэквон-До ITF Миллий Ассоцияцияси ўртасида ўзаро фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш тўғрисидаги қарор имзоланди.
Мазкур қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Таэквон-До ITF Миллий Ассоциацияси билан ҳамкорликда республика бўйлаб спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш, ташкил этиладиган спорт мусобақа ва маънавий-маърифий тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш, амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сафларига ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган ёш спортчиларни имтиёзли равишда хизматга қабул қилиш масалалари юзасидан мутасадди раҳбарларга вазифалар юклатилди.
Ушбу учрашув Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Таэквон-До ITF Миллий Ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқич муқаддимаси бўлди.