Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири UNDESA билан ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов UNDESA раҳбари – БМТнинг Бош котиби ўринбосари Ли Сзянхуа билан учрашди.
Учрашув чоғида томонлар БМТ Давлат хизматлари форуми (UN Public Service Forum 2025)ни ташкил этиш доирасидаги ҳамкорлик масалалари, шунингдек, рақамли давлат бошқаруви, электрон иштирок ва UNDESA билан шерикликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилдилар.
Вазир 23–25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган "UN Public Service Forum 2025" тадбирига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
UNDESAнинг фаол кўмаги остида форумнинг дастлабки концепцияси ишлаб чиқилгани, асосий мавзулар белгилангани, юқори даражадаги панель сессиялар уюштирилаётгани ва БМТга аъзо давлатлар билан дипломатик мулоқот олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Ли Сзянхуа, ўз навбатида, ташаббусларни қўллаб-қувватлади ҳамда форумнинг халқаро даражада юқори савияда ўтказилиши БМТнинг жамоат хизмати соҳасидаги глобал платформаси сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистонда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди. Жумладан давлат хизматларини электрон платформа орқали тақдим этишни такомиллаштириш, давлат органлари ўртасида интеграция ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш, бошқарув жараёнларига таҳлилий ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари қайд этилди. Вазир мазкур ислоҳотлар Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га тўлиқ мос келиши ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ажралмас қисми эканини таъкидлади.
Ш. Шерматов давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни кучайтириш мақсадида Ўзбекистонда электрон иштирок воситаларини ривожлантириш бўйича фаол ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Яқин кунларда "Электрон иштирок" миллий порталини ишга тушириш режалаштирилгани айтилди. Ушбу платформа орқали фуқаролар жамоат муҳокамаларида иштирок этиш, таклифлар юбориш, давлат ташаббуслари ва сиёсатини мониторинг қилиш имкониятига эга бўладилар.
Ли Сзянхуа бу ташаббусни фуқароларни бошқарув жараёнларига жалб этиш борасида илғор намуна сифатида баҳолади ва уни очиқ ва ҳисобдор давлат тамойилларига мос келувчи қадам сифатида эътироф этди.
Томонлар 2025 йил давомида UNDESA билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бир қатор ўқув семинарлар (воркшоплар) ўтказиш масаласини муҳокама қилдилар. Уларнинг асосий йўналишлари давлат хизматчилари учун рақамли кўникмаларни ривожлантириш, рақамли трансформация жараёнларини режалаштириш ва амалга ошириш, рақамли хизматларнинг барқарорлигини таъминлаш каби масалаларни қамраб олади.
Учрашув якунида Вазир Ш. Шерматов БМТ Бош котиби ўринбосарига Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва UNDESA ўртасида Local Online Services Index (LOSI) ташаббуси доирасида Меморандум имзоланиши ҳақида маълумот берди.
Ушбу ҳужжат маҳаллий даражадаги давлат органларининг рақамлилашув даражасини мунтазам баҳолаш, халқаро тажрибалар билан алмашиш, Ўзбекистон ҳудудларини глобал рақамли рейтингларга интеграция қилиш имкониятларни яратади.