Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи самарали бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифининг тадбирларга бой дастури ўз ниҳоясига етди.
Сиань шаҳрида давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди, якунда етакчилар Қўшма баёнотни имзоладилар ва 2023-2027 йилларга мўлжалланган янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилдилар.
Ташриф доирасида жами 41 та икки томонлама ҳужжат имзоланди, умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд бўлган янги юқори технологик саноат, савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмаси билан танишилди, янги қўшма лойиҳалар ишга туширилди ва Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитида иштирок этиб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Аэропортда Ўзбекистон етакчисини ХХР маданият ва туризм вазири Ху Хэпин, Шэньси музофоти губернатори Чжао Ган ва фахрий қоровул кузатиб қўйди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.