12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Цинь Ганни қабул қилди.
Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Дастлаб ташқи ишлар вазири Цинь Ган давлатимиз раҳбарига ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашув давомида сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш икки баробар, қўшма корхона ва лойиҳалар сони уч баробар кўпайди, Хитойдан 11 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилинди. Пандемиядан сўнг мунтазам авиақатновлар тиклангач, ҳудудлараро алоқалар, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Ўзбекистон етакчиси Хитойга бўлажак давлат ташрифи ва “Марказий Осиё - ХХР” саммитига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бугунги кунда техник ҳужжатлари тайёрланаётган “Ўзбекистон – Қирғизистон - Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини тез фурсатда амалга ошириш аҳамияти қайд этилди.
Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига амалий кўмаклашиш борасидаги яқиндан мувофиқлашувни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.