Ўзбекистон Президенти Тожикистон билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди, амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Бош вазир Қоҳир Расулзода давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортмоқда, муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда. Яқин ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилган, маданий-гуманитар алмашинувлар фаол амалга оширилмоқда.
Товар айирбошлашни ошириш бўйича самарали чоралар кўриш, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, кончилик, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси маблағларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода, бугун Тошкент шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари раислигида ўтказилган қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши қарорларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.