Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати Раиси билан музокара ўтказди
Расмий ташриф билан Москвада бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин билан музокара ўтказди.
Учрашув Россия Ҳукуматининг Мувофиқлаштириш марказида бўлиб ўтди.
Икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани, унинг якунида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида 3,5 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланганини олқишлади.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун қўшма Ишчи гуруҳи тузилган.
Рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида ҳамда Ўзбекистонда электрон савдони жорий қилиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш ва уни аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шаҳарсозлик, уй-жой фондини реновация қилиш соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Президентимиз Россия Ҳукумати Раисини расмий ташриф билан мамлакатимизга келишга таклиф этди.
Сўнг Ўзбекистон делегацияси Россия Ҳукуматининг Мувофиқлаштириш маркази билан танишди. Михаил Мишустин давлатимиз раҳбарига ижро ҳокимияти органларининг тезкор ва келишилган ҳаракатларини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу доимий фаолият юритувчи идора фаолияти тўғрисида батафсил ахборот берди.