Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 25/05/2016 Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24-май куни Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари Россия ташқи ишлар вазирини қутлар экан, жорий йилнинг апрел ойида Москвада ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Россия музокаралари якунларига юксак баҳо берди ва бу барча йўналишларда ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Бугунги кунда олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги келишувларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Бу жаҳон иқтисодиётида мураккаб ўзгаришлар рўй бераётганига қарамасдан ўзаро савдо ҳажмини нафақат сақлаб қолиш, балки кўпайтириш имконини беради.

Томонлар 2015-2019-йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид битим доирасида рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Россия ташқи ишлар вазири самимий қабул ва ўзаро муносабатлар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. С.Лавров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси хусусида ўз фикрини билдирар экан, Ўзбекистоннинг ШҲТга самарали раислиги Тошкент саммитининг муваффақиятли ўтишини таъминлашига ишонч билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг