Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотда ушбу мамлакат Президентлигига навбатдан ташқари сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Сайловчилар иштироки ва фаоллиги юқори даражада бўлганини қайд этиб, давлатимиз раҳбари қардош озарбайжон халқи давлат келажаги, кучли ва гуллаб-яшнаган Озарбайжон учун овоз бериб, тўғри қарор қабул қилганига ишонч билдирди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ижобий суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма Инвестиция компанияси ўз ишини бошлади, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда.
Халқаро тузилмалар, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.